bannerbanner
Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля
На страницу:
2 из 6

Мен миямни тозаладим. Мен дунёни идрокини тозаладим. Мен унга фалон ва фалон нарсалар юз беради деб айтдим. Йигирма ёшида буюк боксчи бўлиб етишаман деб айтган Муҳаммад Али каби.Ўша пайтда у буни билиши мумкин эмас эди, у авлиё эмас эди, аммо келажакни иродаси билан ўзгартира олди. Жим Керри


Энг катта тўсиқ – ички мулоқот

Инсон уни тўхтата олишни ўрганса, ҳамма нарсанинг иложи пайдо бўлади. Энг фавқулодда лойиҳалар ҳам бажариладиган бўлиб қолади.


Ўзингни пастга урма

Миянгдаги ёқимсиз овоз сени танқид қиляптими ва ерга уряптими? Унинг ноҳақлигини кўрсатиб қўядиган ишларинг билан бу овозни жим бўлишга мажбур қил. Огоҳлантириш: бунга йиллаб вақт кетиши мумкин.


“Атрофдагилар фикри” деб аталган қамоқхонадан чиқ

Нимагадир эришишни ният қилган заҳотинг, дарҳол “Бунинг иложи йўқ, ҳеч нарса чиқмайди” деб айтувчи одам пайдо бўлади. Аммо кимдир эришмагунча қанчалар мақсадлар иложсиз туюлган эди. “Йўқ” деб айтадиган кўплаб одамлар буни ўз манфаатларидан келиб чиқиб қилишади. Шу сабабли шубҳа уруғини сочувчи ва ўзимизга бўлган ишончимиз пойдеворига болта урувчилардан узоқроқ юрган яхшироқ. Уларга эътибор қилма. Агар танишларинг орасида бундай одамлар кўпчиликни ташкил этса, у ҳолда атрофингдаги кишиларни алмаштириш ягона тўғри йўл.

Кимнингдир хархашали ёки золимона салбий баҳоси сени тўхтатишига имкон берма. Ўз фикрингни ҳимоя қилиш, инкорни тасдиққа айлантириш усулини топ ёки “йўқ”ни айланиб ўтишнинг айёрона усулини қидир.


Нима учун сен эмас?

Ҳар биримиз билимнинг фақат маълум соҳаларида хабарсиз одамлармиз. Кўпчилик бошқаларнинг қобилиятларига ортиқча баҳо бериб юборади ва ўз қобилиятларига етарлича баҳо бермайди.

Бошқа одамларни ҳурмат шоҳсупасига чиқариб қўйма, ўша пайтда сен ўзингга аҳамиятсиз одам сифатида қараётган бўласан. Сен “Нима учун менмас, нима учун ҳозир эмас?” дея ўзингдан сўрашинг лозим. Ахир бошқа биров сендан ҳам зўр бўлиши мумкинми, ахир кимдир сендан ҳам кўра муносиб бўлиши мумкинми?

Ҳаётимизнинг турли соҳаларида биз барчамиз билимсиз, оми ҳисобланамиз, аммо биз даҳо бўла оладиган ҳаёт соҳалари, чегара билмас ижодимиз соҳалари мавжуд.

Буни кимдир олдин уддалаганми? Агар кимдир қила олган бўлса, ҳатто дунёда бор-йўғи битта одам сен истаган нарсага эриша олган бўлса, у ҳолда сен ҳам бунга қодирсан.

Бу сенга ҳеч қачон таслим бўлмаслик учун етарлича сабаб бўлиши лозим.


Сенга етишмаётган ҳамма нарсани ўрганса бўлади

Бу ҳаётда сен нимагадир қодир эмаслигинг тўғрисида ҳеч қачон ўйлама. Одамлар арзийдиган нарса қилишинг учун сенда ақл, ирода кучи, жисмоний куч ёки мафтункорлик етмайди деб кўп марта айтишганми? Уларга эътибор қилма.

Сен ўз-ўзингга истеъдодим йўқ деб айтганмисан? Ўзингга ҳам эътибор қилма.


Бунинг иложи борлигига ишон

Агар сен ҳаётинг орзусини яратишда муваффақият қозонишни истасанг, у ҳолда буни қилишга қодирлигингга ишонишинг керак. Буни ўз қадрини билиш, ўзига бўлган ишонч ёки ўзига ишониш деб аташингдан қатъий назар, сен ўзингда истакдаги натижаларни яратиш учун зарур бўлган барча нарса – қобилият, ички захиралар, истеъдод ва кўникмалар мавжудлигига қаттиқ ишончга эга бўлишинг зарур.


Сен кўп нарсага қодирсан, фақат бунга ишониш учун ўзингга изн бер

Ўз вақтида Токио чеккасидаги миттигана автоустахонага Токио университетидан етарлича билим савиясига эга бўлмагани учун (!) бўшатилган доктор Тадзуки ўз ходимлари билан кўчиб киради.

У саккизта ходими билан иш бошлайди. Доктор ходимларнинг ҳар бирини ўз-ўзига ишонтиришга ҳаракат қилади, улардан бири даврага чиққанида “Мен – дунёдаги энг яхши электрикман!” – деб айтарди. Ҳамма унга кўрсаткич бармоғини кўрсатиб, “Сен дунёдаги энг яхши электриксан!” дейишарди. Ўз навбатида, “Мен дунёдаги энг яхши кузов устасиман!” – “Сен дунёдаги энг яхши кузов устасисан!” ва ҳ.к.

Барча 8 та ходимнинг йўқламаси ана шундай ўтган. Устахона Тойота деган ғалати ва кулгули ном билан аталарди. Доктор Тадзуки нима иш қилди? У одамларни ўзларига ишонишга мажбур қилди.


Ҳеч қачон кеч эмас

Рингда анчадан буён чиқиб келаётган рақибингни енга олмайман деб ўйлайсанми? Ечими аён: тиришқоқлик билан ишла ва бошқа бировларга нисбатан вақтингни кўпроқ бағишла. Агар сен бошқаларга қараганда тиришиб ишлаш истаги билан ёнсанг, бошлаш учун ҳеч қачон кеч эмас.

Ҳар доим ўзингнинг аввалги тажрибангни эсда тут – сен ҳеч нарсани мутлақо “ғўр” ҳолатингда ҳеч қачон бошламагансан. Ҳаётингнинг мазкур пайтига қадар нимаики қилган бўлсанг, у сени эртага ният қилган нарсаларингга тайёрлайди.


Ҳаётдан завқланиш учун ҳали кеч эмас

Ёшликнинг ёши йўқ. Жамият фикри фақат ёшинг туфайли нима қилишинг мумкин ва нима қилишинг мумкин эмаслигини амр қилишига изн берма. Кўплаб ҳолатларда, ёш – бу миянгдаги шунчаки бир белги.

Агар сен ҳаётингга тўғри чизиқли, вақт кесмаси сифатида қарайдиган бўлсанг, у ҳолда ниманидир ўзгартириш учун ҳақиқатан ҳам кеч.

Агар кўпроқ “ҳозир”да иштирок этишга ўргансанг, бу каби фикрларнинг кўпчилиги ўз қадрини йўқотади. Сен ўзинг истаган нарсани онгли равишда танлашга ва қилишга қодирлигингни англайсан.

Ҳозир!

Ўзингга ишон.


Ҳаммаси ўз қўлингда. Сен ўзинг ўз бахтингнинг меъморисан

Сен ҳаммаси ўз изига тушиб кетишини кутишинг керак эмас. Ҳаммасини ўзгартириш мумкин.

Келажак – сен бораётган манзил эмас, яратаётган нарсанг.

Йўлларни излаш эмас – қуриш керак.

Яратиш жараёни ўзи – сени ҳам, тақдирингни ҳам ўзгартиради.


Ўзингдан қўрқма

Бу ғалати, аммо кўпчилик ўзидан қўрқади ва ўз ички сезгиларига ишонмайди. Агар сен ўзингга ишонмасанг, у ҳолда умуман кимга ишона оласан?

Ўз қарорларингга ишонишни ва ўз ҳаёт йўлингдан шубҳаланмасликни ўрган. Айнан шу “уйғунлик” деб аталади.


“Иложи йўқ – бу шунчаки қуруқ сўз бўлиб, унинг ортида кичкина одамлар писиб ўтиришади. Улар учун ўзида куч топиб бирор нарсани ўзгартиргандан кўра, одатланиб қолган дунёларида яшаш осонроқ.

Иложи йўқ – бу факт эмас. Бу фақат фикр.

Иложи йўқ – бу ҳукм эмас. Бу чақириқ.

Иложи йўқ – бу ўзингни намоён қилишга имконият.

Иложи йўқ – бу мангу дегани эмас.

Иложи йўқ нарсаларнинг иложи бор”


Бу нарсанинг қўлингиздан келиши ёки келмаслигини ўйлаётганингиз муҳим эмас – барибир сиз ҳақсиз. Генри Форд


“Менга ҳаётимдаги энг яхши совғани отам берган – у менга ишонган эди” - Жим Вальвано


“Сиз ғалабага мутлақ ишонч билан ўйнашингиз лозим, акс ҳолда яна ютқазасиз, сўнгра эса мағлубият сизга одат бўлиб қолади – Жо Патерно


Сиз муваффақият қозонаётганингизда барча сўзларингиз ҳақиқатга айлана бошлайди.


Сен бахтга муносибсан

Ҳеч ким ҳеч қачон сенга аксини айтишига йўл қўйма. Сен бахтга муносибсан ва муваффақиятга муносибсан. Ўзингга ишон. Бу кайфиятни сақлаб қол ва манзилингга етиб бормагунинга қадар ҳеч қачон таслим бўлма!

4-ҚОИДА. ҲАЁТ МАҚСАДЛАРИГА ЭГА БЎЛИШ


Уммондаги қайиқ (“Ҳаёт Қонунлари” китобида таърифланган)

Тасаввур қил, сен билан мен Атлантика океанининг жанубий қисми устидан тикучарда учиб ўтаяпмиз. Қирғоқдан нишона йўқ, атрофда фақат тўлқинлар. Тасодифан, қаердадир пастда биз ёлғиз қайиқни кўриб қолдик. Яқинлашдик…, ва қайиқ шунчаки турганини, ҳеч қаерга сузмаётганини кўрдик. Унда қандайдир одам ўтирибди ва у тирик. Қайиқда елкан ва эшкаклар борлигини, лекин қайиқдаги одам улардан фойдаланмаётганини пайқадик. Кел, янада яқинроқ келамиз… Ким у ерда ўтириб бекорчилик билан шуғулланаяпти? Ие! Аҳир бу сенсанку! Нега сен ҳеч қаерга сузмаяпсан, эшкак эшмаяпсан, елканлардан фойдаланмаяпсан? Ҳаа, тушунарли, сен Қаерга сузиш ва Нима сабабдан сузишни билмаяпсан. Мақсад, Маъно, Сабаб йўқ…Аҳир қаерга сузиш, ва муҳими нима учун сузиш кераклиги тўғрисида аниқ мақсадга эга бўлмай туриб сен, табиийки, бекорчилик билан шуғулланасан.

Мана нимага сен тезлик билан хаётингдаги Мақсад, Маъно ва Сабаб ҳақида ўйлаб кўришинг керак.


Ҳаётда мақсад йўқ

Бу анъанавий ҳолат ва камдан-кам киши ундан чиқиб кета олган. Қувват пасайган. Белгилар йўқотилган. Қаерга ва нима учун олдинга ҳаракат қилиш кераклиги тушунарсиз. Камдан-кам нарса хурсанд қилади. Булар барчасининг фонида атрофдагиларга ва ўзингга ҳам тушунарсиз бўлган хатти-ҳаракатларни амалга оширасан.


Ҳаётда мақсадга эга бўл

Мақсадларинг – бу ёруғлик, ойнан у сенинг машаққатлардан юлдузларга томон йўлингда йўлчи юлдуз бўлади. У сени йўлингда тутиб турадиган нарса.


Бошқарувсиз кема ва мақсадсиз одам бир кунмас бир кун саёзликка ўтириб қолади.


Мақсадсиз ҳеч қаерга етиб бора олмайсан.


Мақсадлар равшан ва аниқ бўлиши лозим

Соддалаштириб айтганда, орзу сароб эмас, балки режа бўлиши, яъни сен нимани истаётганингни ўзинг яққол тасаввур қилишинг керак. Сен муваффақиятли бўлишни истайсанми? Жуда соз! Аммо “муваффақиятли” деганда сен айнан нимани тушанасан? Янги лавозимними, уйними, уйланишними, ўз бизнесингними? Лекин булар унчалик ҳам муҳим эмас.

Энг асосийси – бу аниқ тушуниш, ўз мақсадини кўра билиш ва унга томон онгли равишда ҳаракат қилиш, чунки сен кетаётган манзилингни билмасанг, керакли поезд учун чиптани сотиб олишинг анчагина мураккаб бўлади.


Мақсадлар бировники эмас, ўзингники бўлиши керак

Орамиздан ҳар биримиз ягонамиз ва ҳар биримизнинг ўз йўлимиз бор. Муаммолар биз ўз йўлимиздан чиқиб кетганимизда ёки бегона йўлни танлаганимизда юзага келади. Ўзгаларнинг идеалларига тенглашмоқчи бўлиб ва ўзгаларнинг интилишларига риоя қилиб, биз ўзимизнинг эмас, балки ўзгаларнинг ҳаётини яшаб ўтамиз. Агар ҳаётинг сен кўришни истагандан кўра бошқачароқ бўлса, ўзингдан қуйидагиларни сўраб кўришдан қўрқма: ўзинг истаган нарсани қила оляпсанми? Сен нима қилишни истаган бўлардинг? Неча ёшда эканлигинг муҳим эмас. Ҳаётингни, бошқаларнинг эмас, балки ўз шахсий ҳисларинг ва мақсадларинга тўғирлаб ол. Шундай бўлиши мумкинки, сен дўстларинг, қариндошларинг ва ҳамкасбларингга қарши боришингга тўғри келади. Ўз таъминот манбаингга улан. Бу розетка орқали ток яхшироқ ўтиши аниқ.

Секин-аста ҳаётингдан бегона истаклар ва мақсадларни олиб ташла ва ўз истакларинг рўйхатини туз. Фақат ўшандагина ер юзидаги миллионлаб одамлар каби бегона ҳаёт билан эмас, балки ўз ҳаётинг билан яшай бошлайсан.

5-ҚОИДА. ХАР ДОИМ НАТИЖА САРИ ИНТИЛИШ

Биз топишга эмас, излашга одатланганмиз

Биз ўзимиз тўғримизда эриша олишимизга қодир бўлган нарсалар бўйича баҳо берамиз, бошқалар эса биз эришган нарсалар бўйича баҳо беришади.

Биз топишга эмас, излашга одатланганмиз. Биз мақсадсиз чопишга ўрганиб қолганмиз. Бизга югиришни ўзини мақсад бўлиб қолган.


Биз ўз ҳаракатсизлигимизни оқлашга баҳона излаймиз

Аммо важлар ҳеч кимни қизиқтирмайди. Фақат натижа муҳим. Агар биз нимадир қилишни ҳақиқатан ҳам истасак, бунинг йўлини топамиз. Агар биз буни қилишни истамасак, ҳар доим важ-баҳона топилади.

Сўзлар ҳеч нарсани англатмайди. Фақат ишлар муҳим.


Кишиларни фақат натижа қизиқтиради

Босиб ўтган йўлинг, имкониятларинг, орзуларинг ва эзгу ниятларинг ҳақидаги батафсил ҳикоянг одамларни қизиқтирмайди. Уларни кўпроқ сен қандай натижаларга эришганинг қизиқтиради.

Хотинингни сенинг ҳаёт фалсафанг, дунёқарашинг, яхши феъл-атворинг, эзгу ниятларинг қизиқтирмайди. Уни болаларнинг қорни тўқлиги ва бош устида бошпана борлиги қизиқтиради. Уни натижа қизиқтиради.

Биз барча ишқибозларни, пировардида, севимли жамоамиз футболчилари қанчалик атлетик қадди-қоматга эга эканлиги, қандай ақлни лол қолдирувчи ўйин старатегиясига эга эканлиги қизиқтирмайди. Бизни ўйиндаги якуний ҳисоб қизиқтиради. Бир неча йиллардан сўнг ҳеч ким улар тўпни оёқдан елкага, сўнгра эса бошга қанчалик усталик билан ташлашганини эсламайди, аммо барча уларнинг у ёки бу ўйинда ғалаба қозонишгани ёки енгилишганини эслайди.

Ҳа, ҳамма фақат натижани эслаб қолади.


Жараён эмас, натижа одами бўл

Модомики бирор нарсага қўл урган бўлсанг, у ҳолда якуний натижага эришмагунча ҳаракат қил.

Ҳақиқий қадриятларни яратиш хўжакўрсинга қараганда анчагина оғир.


Натижага диққатни жалб қил

Инсон мияси қачонки битта нарсага диққатни жалб қилгандагина яхши ишлай олади. Агар мияда бир талай бошбошдоқ фикрлар ва ғоялар мувжуд бўлса, инсон пўртанага тушиб қолади. Амалда барча натижасиз одамлар шундай ҳолатда юришади. Улар битта ғоядан бошқасига ўтиб кетишади ва бирор-бир нарсада тўхтай олишмайди.

Сен натижага қараб йўналган бўлишинг, бутун диққатингни унга қарата билишинг лозим.


Агар сен манзилга йўл олсангу, сенга қараб ҳурган ҳар қандай лайчага тош отиш учун йўлингда тўхтай бошласанг, у ҳолда манзилга ҳеч қачон етиб бора олмайсан. Фёдор Достоевский


Мақсадга йўналтирилган бўл

Ўз мақсадингга эътибор қарат, қолган барча нарсани инкор эт. Диққат марказингни бир пайтнинг ўзида бир неча вазифаларга тарқатиб юбориб, сен муваффақиятга бўлган имкониятни қўлдан бой берасан, кўплаб кишиларнинг омадсизликлари сабаби ана шундан иборат. Агар диққат тўплашинг барқарор бўлса, агар ўз кучингни асосий вазифа ва мақсадга йўналтирсанг, сен муваффақиятга эришасан. Мақсадга йўналтирилганлик жиддий нарса. Майда-чуйдаларга сарфлаб юбориш керак эмас.


“Б” режаси сени фақат “А” режадан чалғитади, холос.


Битта нуқтага ур

Олдингда турган мақсаднинг қандайлиги ва у қанчалар амбицияли эканлиги муҳим эмас. Ҳар қандай мақсадга эришса бўлади, бу фақат вақтга ва сенинг қатъиятингга боғлиқ. Керакли натижага эришмагунча олдингда турган нуқтага ур – бу муваффақият гарови.

Воситаларни эсдан чиқар, ғалаба ҳақида ўйла.


Сенинг асосий фикрингНимани истайман ва қандай эришса бўлади?

Бу асосий одат. Ҳар оқшом ўзинга шу саволни бер – Нимани истайман ва Қандай эришса бўлади? Ўзингнинг барча ҳаракатларингни бу саволларга жавоблардан келиб чиққан ҳолда режалаштир.

6-ҚОИДА. УЧТА МУҲИМ ҚОИДАГА АМАЛ ҚИЛИШ

Бу ривожланишдаги энг муҳим қоидалар – Аста-аста, Кетма-кет ва Мунтазам. Ҳар бирини алоҳида қараб чиқамиз.


Аста-аста


Энг кичигидан бошламоқ – бу табиий

Кўза аста-секин, томчима-томчи тўлади. Ҳар бир уста қачондир ҳаваскор бўлган. Ҳаммамиз кичик нарсадан бошлаганмиз, майда нарсаларга илтифотсизлик кўрсатма. Агар сен изчил ва сабрли бўлсанг, муваффақият қозонасан! Ҳеч ким бир кечада муваффақиятли бўла олмайди: муваффақият кичик нарсалардан бошлаш ва кўза тўлмагунга қадар сабот билан ишлашга тайёр инсонларга келади. Бу тараққиёт Қонуни.


Оз-оздан ташиб тоғни кўчирса бўлади, кўп-кўпдан ташисанг – ўзингни ташишга тўғри келади. Хитой мақоли


Ҳаёт бу спринт эмас, балки марафонга югуриш.


Ҳовлиқмасдан шошил.


Буюк нарсалар кичик қадамлар билан қилинади.


Кичик қадамлар санъатини ўзлаштир.


Узоқ муддатли муваффақият тез рўй бермайди.


Кун сайин оз-оздан яхши бўлиб боришлик катта миқёсдаги муваффақиятга элтади.


Ўз меҳнати натижаларини дарҳол кўришни истаган одам этикдўз бўлиши керак. Альберт Эйнштейн


Ҳаммаси ва бирдан бўлмайди

Ўртамиёна мутахассисда тез натижалар синдромини кузатиш мумкин. Бу каби синдромни наркоманларда ёки руҳияти кучсиз одамларда кўриш мумкин. Улар кайфга, натижага жуда тез эга бўлишни исташади, ҳаммасини ва бирдан. Бундай фикрлаш типидаги одамлар ниманидир уддалай олишмаса курашиш ва бошқача уриниб кўриш, қатъиятни намоён қилиш ўрнига, жуда тез хафа бўлишади ва зорлана бошлашади.


Муваффақият бирданига келмайди

Реалист бўл. Ниманидир биринчи уринишдан ўзлаштириш эҳтимоли жуда кичик. Ҳаммаси вақтни талаб қилади. Узоқ муддатли режа билан бирор тадбирни ўйлаганда, ҳаммасини ва бирдан олишни кутма. Ҳақиқатан ҳам арзирли ниманидир яратиш учун вақт талаб этилади. Агар сабринг сени ноқулай аҳволга солиб қўйса, танланган мақсад сен учун нега бу қадар муҳимлигини ўзингга эслат. Мақсадингга ҳеч бўлмаганда бир қадам яқин бўла олиш учун нималарга эриша олдинг?

Ҳа, кичик қадамлар санъати ҳақида ҳам эсдан чиқарма. Бу Эволюция Қонуни.

Ҳаттоки сен жуда истеъдодли бўлишинг ва катта куч сарфлаётганингга қарамай баъзи бир натижалар учун вақт керак бўлади: агар тўққизта аёлни ҳомиладор бўлишга мажбурласанг ҳам, болани бир ойдан сўнг ололмайсан.


Тез натижаларни кутма      

Машқлар режаси, соғлом овқатланиш тартиби ёки янги бизнесни бошлаш бўлсин, руҳан кучли одамларгина натижаларни узоқ кутишга тайёрлар. Улар тез натижаларнинг иложи йўқлигини ва ҳақиқий ўзгаришлар вақт талаб қилишини тушуниш учун етарлича ақллидирлар. Сабрли бўл.

Руҳан кучли одамлар соғлиқларини яхшилаш ёки янги муваффақиятли бизнесни бошлаш устида ишлашларидан қатъи назар, бир лаҳзалик натижаларни кутишмайди. Бунинг ўрнига улар ўз кўникмалари ва вақтларини энг яхши имкониятлари учун ишлатишади ва реал ўзгаришлар вақт талаб қилишини тушунишади.


Оғишмайдиган юксалиш

Муваффақият, бу ўз шахсий мақсадларига эришишда барқарор юксалишдир. Ичимиздан кўпчилик “секин-аста, аммо аниқлик билан” иборани эшитган бўлиши керак. Бу айнан орзуларинг ушалишига мажбурлайдиган нарса.

Ҳеч нарса бир зумда келмайди, ҳар қандай муваффақиятли кишига назар сол. Нимагадир эришиш учун йиллар, баъзан ўнлаб йиллар талаб қилинади. Агар улар йиллар мобайнида муваффақиятга эришишган бўлса, сенга ҳам ютуқларинг учун йиллар керак.

Бошқача айтганда, орзуларингни бошқар, умидсизликнинг олдини олиш учун улар реалистик бўлиши лозим. Муваффақиятнинг иложи бор, аммо у эртага келиши учун, сен бугун бошлашинг керак. Муваффақият – камдан-кам учрайдиган воқеа эмас, агар сен кун сайин тўғри йўналишда ҳаракат қилаверсанг, у келади.


Ўсишга шошилмайдиган дарахтлар энг яхши меваларни беради. – Мольер.


“Ҳовлиқмасдан шошил” масали

Бир ёш шогирд устозининг ҳаракатларини кузатиб туриб, ундан сўради:

– Нима учун сиз менга кўпроқ вазифа бермаяпсиз, бошқалар эса қарийб ҳар куни янгиларидан олишяпти-ку?

– Мен тушликдан сўнг бу саволингга жавоб бераман.

Шогирд рози бўлди ва барча тамаддига ўтирди. Кутилмаганда устоз бояги шогирдига:

– Сени ўзим овқатлантиришимга рухсат берасанми? – деди

Шогирдига бу ғалати туюлса ҳам розилик билдирди. Ниҳоят устози унга ҳам бир оз эътибор ажратадиган бўлди.

Тушлик келтирилди. Ўқитувчига қошиққа мазали, хушбўй ва ажойиб паловдан олиб, шогирди оғзига тутди, у ҳам иштаҳа билан тановул қила бошлади. У роҳатланиб кўзларини юмиб олди. У таомни пиширган ошпазни мақташ учун “бай-бай, қандай мўъжиза бу” деб айтмоқчи бўлиб, энди оғиз очган эди, устоз навбатдаги қошиқни унга тутди. Шогирд жон-жаҳди билан чайнай бошлади, аммо чайнаб бўлмасдан оғзига яна бир қошиқ палов келиб тушди. Шогирд тезроқ ва тезроқ чайнай бошлади, тез орада у ошнинг ажойиб таъмини сезмай ҳам қолди. У фақат чайнаш ва ютиш билан овора бўлиб қолди.

Ниҳоят шогирд чидай олмай хитоб қилди:

– Устоз, биз қаерга шошяпмиз? Нима учун сиз мен чайнаб бўлмасимдан ва паловнинг мазасидан ҳузурланмасимдан оғзимни тўлдириб қўйяпсиз?

– Шундай қилмасам ҳам бўлади, аммо сенга шундай ёқади-ку, – деди устоз. Шогирд устози сўзларининг маъносини дарҳол илғаб етмади, шунинг учун устози тушунтирди. – Сен ўзингга янги дарслар беришни сўрадинг, ваҳоланки олдингилари сен томондан чайнаб бўлинмаган ва ҳазм қилинмаган эди. Сенга олдингиларини бажармасингдан ва ўзлаштирмасингдан туриб, янгисини бериш тўла оғизни таом билан тўлдириш билан баробар. Кўплаб вазифалар олишга ва уларни бажаришга шошилма. Ҳаётни ўтқазиб юбормаслик учун “Ҳовлиқмасдан шошил” деб айтишган донишмандлар. Ҳаёт топшириқларини шошма-шошарлик билан эмас, балки қувонч ва тиришқоқлик билан адо эт.

Албатта, ҳозирги замон бизга минг йиллар олдингига қараганда анча кўп вазифалар беради. Аммо вазифага “ҳа” ёки “йўқ” дейиш ҳуқуқи ўзимизда қоляпти. Ҳеч бўлмаса, буни айта олсак бас, шошмасдан.


Миқдорни сифатга айланиши

(“Ҳаёт Қонунлари”да бор)

Агар тоза оқ коғоз олиб унга кичкинагина кўк нуқта қўйсак, нимани кўрамиз? Тўғри, ўртасида кўк нуқтаси бор оқ қоғозни кўрамиз. Агар биз мингта кичик нуқтачаларни қўйсакчи, биз энди кўк қоғозни кўрамиз.

Ривожланишда хам миқдорнинг сифатга ўтиш қонуни ишлайди. Шуғулланишларинг миқдори сени янги сифат босқичига олиб чиқади. Яъни сен оддий қоматга эга боладан атлетик қоматга эга йигитга айланасан.


Кетма-кет

Қадам-бақадам

Аввал пойдевор қур

Аввал уй пойдеворини қур, сўнгра эса томни ёп ва дарахт эк. Буюк ишларни кичик қадамлар билан қил. Йўл ниҳоясида сен майда-чуйдалар билан эмас, оламшумул натижадан қувонасан.

Кишилар марафонга югуришдан олдин қачонлардир эмаклашган кейин тета-поя қилишган, сўнгра юришган, ундан сўнг чопишган. Кейин ҳар куни машқ қилишган ва соғлиқларини мустаҳкамлашган. Шундан кейингина марафонга югуришади.

Юришни ўрганмасдан туриб, югуришга ҳаракат қилма. Қийин иш кетма-кет бажарилиши лозим. Кўпвазифалик самарасиз.


Агар буни майда ишларга ажратиб чиқсанг, ҳеч бир қийин жойи йўқ

Сен бу ҳақда ўйлаб кўрадиган бўлсанг, ҳақиқатан ҳам ҳеч бир мураккаб жойи йўқлигини кўрасан. Сен тоққа қадам-бақадам кўтариласан, алоҳида қадамлар бутун бир кўтарилишга қараганда унчалик оғир эмас. Катта муаммоларни кетма-кет, қадам-бақадам ҳал қилиш муваффақиятга етаклайди.


Катта муаммолар мавжуд эмас, фақат кўплаб майда муаммочалар бор. Генри Форд


Китдан бир вақтда битта тишламдан узиб ол, ажойиб кунларнинг бирида у еб битирилади.


Мақсадни бир неча қисмларга бўлиб ташла

Якуний мақсадингни аниқлаб олганингдан сўнг, уни эришиладиган қисқа муддатли мақсадларга бўлиш учун бир муддат вақт керак бўлади. Олдинга ҳаракат қила туриб, эътиборингни қисқа муддатли мақсадларга эришишга қарат. Оралиқ мақсадларингга тартиб бўйича эриш, яъни бир пайтда фақат битта мақсад бўлсин. Эсда тут, бир ҳамла билан катта мақсадни эгаллашга ҳаракат қилиб, сен унга эришишга бўлган ишончингни йўқ қилишга таваккал қилган бўласан.


Мақсадга эришиш режасини туз

Бу бутун ҳаётингга ҳам, жумладан, ҳар бир ишинга ҳам тегишли. Сен ҳар сафар аслида нима истаётганингни ҳам касбий, ҳам шахсий нуқтаи назардан аниқ биладиган бўласан. Сен мақсадинг томон ҳаракатланишни давом этсанг, ҳаётинг қандай кўриниш олишини аниқ биласан. Бу сенга йўлдан адашмаслик ва халақит қилаётган барча нарсадан қочишга ёрдам беради.

Ҳеч қачон аввалдан ўйланган нарса ўрнига, камроғига рози бўлиб, қадрингни туширма.


Аввал фикр келиши, сўнгра бу фикр ғоялар ва режалар бўлиб ташкил топиши, сўнгра реалликка айланиши лозим. Наполеон Хилл


Ўз йўлингни мунтазам тўғирлаб тур

Келажак учун ҳар қандай режа, ҳақиқатда юз бериши мумкин нарсаларнинг хомаки лойиҳаси. Бинобарин олдиндан ҳеч нарсани кутма, ҳамма нарсага тайёр тур. Шуни эсдан чиқармаслик лозимки, сен таъсир кўрсата ололмайдиган ҳодисалар ҳам бор.

Бизнесда ва ҳаётда режалаштириш жуда муҳим, аммо шунингдек режани тезда ўзгартириш қобилияти ҳам муҳим. Кўплаб кишилар ва воқеалар сенинг режангга аралашиб қолиши мумкин, шу сабабли вақти-вақти билан сен режангни ўзгартиришга ёки уни умуман унутишга лаёқатли бўлишинг лозим.


Режани тўғирла, аммо мақсадни ўзгартирма

Ҳар бир ҳаракатнинг ўз оқибати бор, агар сен мағлубиятга учраётган бўлсанг, буни ҳозирги режанг яхши ишламаётгани ҳақидаги “хабар” сифатида қабул қил. Ўз мақсадингдан воз кечишнинг зарурияти йўқ, шунчаки стратегияни ўзгартир. Режангга ўзгартиришлар киритиш учун сенга мағлубият томонидан узатиладиган хабардан фойдалан.

Режанг кутилаётган натижаларга олиб келмагунча, уни ўзгартириб бор.


Қайишқоқ бўл

Режа реалистик бўлиши ва кутилмаган воқеаларни кўзда тутиши лозим. Бошланғич режага ҳеч қандай ўзгартиришлар киритмасдан кўр-кўрона риоя қилиш мумкин эмас, чунки ҳаёт ҳар доим ўз тузатмаларини киритиб келади. Шу сабабли, мақсадга томон бораётганда, мослашувчан бўл.

Айтишади-ку, ҳар доим яхши бўлишига умид қил, аммо ёмон нарсага ҳам тайёр тур.

На страницу:
2 из 6