bannerbanner
Ўзлик сари етти қадам – 5. Шахс ва давлат
Ўзлик сари етти қадам – 5. Шахс ва давлат

Полная версия

Ўзлик сари етти қадам – 5. Шахс ва давлат

Язык: Русский
Год издания: 2018
Добавлена:
Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля
На страницу:
2 из 2

Кўпчилик ёшлар касб танлашда шу касбнинг «обрўсини» чамалашга уринадилар. Қанча обрўли касб бўлса, шунча яхши. Негадир, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ишлаш учун одамга етук ақлий қобилиятлар керак эмас деган хато тушунча ҳалигача жуда кенг тарқалган. Ҳар бир соҳада ақл керак – ахир, ақл самарадорликка эришиш учун энг зўр қурол. Ақлини ишлата билмаган агроном ёки чорвадор ҳосилни нобуд қилиши ёки одамларни заҳарлаб қўйиши мумкин. Зеҳн билан иш тутган агроном ёки чорвадор ўз ишида шундай самарага эришадики, унинг тажрибасини керак бўлса оқ кўйлак кийиб, бўйинбоғ таққанлар келиб ўрганади.

Алоҳида шахслар ўз истакларига кўра соҳа ва касб танлашлари учун давлатдан кўп нарса талаб этилмайди. Давлат бу жараёнга халал бермаса ва ҳар ким ўзи қизиққан соҳасини ўрганиши учун зарур шароитларни яратиб берса бўлгани. Қолганини ҳужайраларнинг ўзи бажаради. Албатта, ҳамма шароит мавжуд бўлса ҳам, баъзи одамлар муҳимликка берилиб, нотўғри касбни танлаши мумкин. Лекин кучли шахсият эгаси бўлишни тарғиб қилиб, биз сергакликни одат қиламиз ва касбимизни ҳам ўз кўнглимиз амрига қараб танлаймиз.

Баъзи ҳолларда танлаган касбимизга интилишимизга бошқа одамлар қаршилик қилмоқчи бўлади. Улар бизга бу касб келажаги йўқлигини, бу касб билан ҳеч бир ютуққа эриша олмаслигимизни айтадилар. Бу касбдан даромад яхши эмаслигини важ қилиб кўрсатадилар.

Лекин ҳар қандай бунёдкор касб борки, у ҳеч қачон қадрини йўқотмайди. Сергакликни сақлаб қолсангиз, севган касбингизда юқори марраларга эришишингиз учун йўллар очилади, шахсий кучингиз сабаб керакли одамлар сизга керакли ёрдамни кўрсатади. Шахсияти кучли одамнинг ҳар қандай соҳада ҳам иши баракали, самарали ва фойдали бўлади.

Бирдан ошиқ соҳага қизиқсангиз – бирини асосий, иккинчисини қўшимча касб қилиб танлашингиз мумкин. Бунинг ҳеч бир ёмон жойи йўқ. Қайтанга, бир касбингизда иқтисодий муаммолар бўлса, бошқасига суянишингиз осон бўлади. Одатда ўта иқтидорли одамлар кўп соҳада тенгданига фаолият юритишни истайдилар – улар ҳамма нарсани қилиб кўргилари келади. Агар ўзингизда бирдан ортиқ касбга мойиллик сезсангиз – бу иқтидордан тўлиқ фойдаланинг ва ўзингизга икки соҳада ҳам кучли мутахассис бўлишга имкон беринг. Бу билан сиз ўзингиз ва жамиятга икки баробар наф келтирасиз. Бу билан сиз соғлом жамиятнинг соғлом аъзосига айланасиз.

Сиёсий махлуқ

Биз – сиёсий махлуқлармиз. Бу жумланинг асл маъносини англаш учун, сиёсат нималигини, унинг туб моҳиятини англаш лозим.

Бизнинг ақлимиз ҳамма нарсани тартибда сақлашни ёқтиради. Чунки тартиб назоратни осонлаштиради. Ақл эса назорат қилишни жуда яхши кўради.

Бизни болаликдан ҳамма нарсаларимизни тартибда тутишга ўргатишади. Ўйинчоқларимиз, кийимларимиз, ўқув қуролларимизни тартибда сақлаш учун қоидалар жорий қилинади.

Ҳар қандай қоида тартибга хизмат қилади. Тасаввур қилинг, йўл ҳаракати қоидалари бўлмаса. Ҳамма кўчада ўз билганча юрса, транспорт воситалари ҳам истаганча ҳаракатланса. Бу жуда катта тартибсизликни келтириб чиқарар эди.

Табиатга саёз нигоҳ билан қарасангиз, унда тартиб йўқдек туйилади. Аммо ёввойи табиатни диққат билан кузатган одам ундаги ажойиб ва мукаммал тартибга гувоҳ бўлади. Ундаги жараёнлар табиий қоидалар асосида кечади ва оддий ва самарали тартибга амал қилади.

Ҳайвон ва ўсимликларга қандай яшаш, нима қилиш ёки қилмасликни табиат айтади. Улар табиат белгилаган тартибга амал қилиб яшайдилар. Шу боис ҳам ёввойи табиат вакиллари фақат самарали усулда ҳаёт кечирадилар. Улар атроф-муҳит билан зиддиятга бормайдилар.

Биз одамлар эса табиий қоидалар билан қаноатланмаймиз. Чунки бизда табиий эҳтиёждан ташқари ижтимоий эҳтиёжлар ҳам бор. Биз автотранспортни фақатгина бир жойдан бошқа жойга тез етиб олиш воситаси деб билмаймиз. Бизга керакли жойга тез ва хавфсиз етиб олиш – табиий эҳтиёж. Бунга қўшимча бизда яна ижтимоий эҳтиёжлар ҳам бор: ўзимизни кўз-кўз қилиш, кимдандир ўзиш, обрўга эришиш ва ҳоказо. Агар кўчада ҳаракатланаётган ҳамма фақатгина табиий эҳтиёж билан юрса, ҳеч ким ҳеч кимга халал бермайди ва тартиб билан ҳаракатланади.

Тартибсизлик ва муаммолар айнан бизнинг ижтимоий эҳтиёжларимиз сабаб келиб чиқади. Ижтимоий эҳтиёжлар ақл истакларидан келиб чиқади. Бу ижтимоий эҳтиёжлар табиий қоидаларга амал қилмайди. Чунки уларда мантиқ йўқ, чунки улар самарадорликка хизмат қилмайди. Улар бизнинг муҳимлигимизга хизмат қилади.

Ўз ижтимоий эҳтиёжларимизни тартибга солиш учун биз ижтимоий қоидалар жорий қиламиз ва ижтимоий тартиб яратишга уринамиз. Аввал айтиб ўтилгандек, агар кўчадаги ҳаммага ўз шахсий муҳимлигига эргашиб, истаганча тез юришга, ўзини ва машинасини кўз-кўз қилишга қўйиб берилса – бу жуда хатарли тартибсизликни келтириб чиқаради. Шу хатарни бартараф қилиш учун ҳам бизга ижтимоий тартиб керак.

Ижтимоий эҳтиёжларни назорат қилиш учун яратилган ана шу қоидалар жамланмаси – сиёсатдир. Ижтимоий тартиб оилада, ўқиш ёки иш жамоасида, маҳаллада ва бутун жамиятда таъсис этилади. Биз оиламиз доирасида ҳам сиёсат қиламиз: фарзандлар учун қоидалар, масъулият тақсимоти, интизом ва бошқа ижтимоий тартиб белгилари оиладаги сиёсат элементларидир.

Умумий қоидага бўйсуниши керак бўлган одамлар гуруҳи қанча катта бўлса, сиёсат ҳам шунча кенг қамровли, қоидалар ҳам шунча кўп бўлади. Бир нечта шахсдан ташкил топган оиладаги сиёсат ўнта қоидага асосланса, йигирмадан ортиқ шахс тўпланган мактаб синфида юзлаб қоидалар амал қилади. Бутун жамиятни эса минг-минглаб қоидалар тартибда сақлашга ҳаракат қилади.

Оиладаги сиёсат нимага қаратилган бўлади? Ҳамма ўз вазифасини бажаришига, ҳеч ким масъулиятсизлик қилмаслигига, ҳар ким ўз ўрнини билишига – бир сўз билан айтганда, ижтимоий адолатга. Оиладаги сиёсат оила аъзоларининг вақти ўз шахсий эҳтиёжлари ва оила эҳтиёжлари ўртасидан адолатли тақсимланишига хизмат қилади.

Масалан, мен билим олиб, олий маълумотли бўлмоқчиман. Бу менинг шахсий ўсишим учун керак, келажагимни таъминлашга ҳисса. Лекин бунга эришиш учун мен кўпроқ ўқишим ва изланишим керак. Кунимнинг кўп қисми шунга сарф бўлади. Натижада оилам эҳтиёжларига мен қўшишим керак бўлган ҳиссам эътиборсиз қолади.

Баъзи оилалар бундай зиддиятни янги қоида таъсис қилиш билан ҳал қиладилар. Янги келишув тузилади: ота-она фарзандига билим олиш учун кўпроқ бўш вақт ажратиб, оилани таъминлашни ўз бўйнига олади, фарзанд эса улғайиб, маълумотли бўлгач эса ота-онаси елкасидан бу юкни олади ва уларга беғам кексалик тақдим этади. Шу усулда оиладаги сиёсат тартибга солинади ва ижтимоий адолат тикланади.

Давлат ҳам кўпинча шундай иш тутади: ёшларга илм олиш ва фойдали мутахассис бўлгунча вақт ва шароит беради. Бепул ўрта таълимни таъминлайди, талабаларга стипендия билан кўмаклашади. Кейинчалик, мутахассис бўлиб, ишга киргач, фуқаро бу ёрдам эвазига давлат ва жамиятга фойда келтириш билан ўз қарзини узади.

Бу оиладаги ва жамиятдаги сиёсат қанчалик ўхшаш ҳолат эканига бир мисол. Аслида ҳаётимизнинг ҳар бир даражасида биз сиёсат билан яшаймиз. Кундалик юриш-туришимиз, одамлар билан муомаламиз, орзу-интилишларимиз ҳаммаси ижтимоий тартибга амал қилади. Бунга қисман маданият, анъаналар, ижтимоий андазалар ва, албатта, давлатнинг сиёсати (у қабул қилган қонунлар) ўз таъсирини ўтказади.

Бизнинг туғилишимиз сиёсат: чақалоқ туғилганда маълум маросимлар қилинишини ижтимоий тартиб тақозо этади. Улғайишимиз сиёсат: ота-она ва жамият онгимизга ижтимоий тартибга хизмат қилувчи дастурларни ёзиб боради. Таълим олишимиз – катта сиёсат: айнан таълим бизга ижтимоий тартиб ҳақида энг кенг билимларни беради. Сиз мактабда фақат ёзиш ва ўқишни ўрганмайсиз – сиз мактабда жамият аъзоси бўлиш, ижтимоий тартибга амал қилишни ўрганасиз. Бизнинг турмуш қуришимиз, фарзандли бўлишимиз, ишга киришимиз – ҳаммаси сиёсат. Бунда ижтимоий тартибга амал қилмасдан иложимиз йўқ. Бизнинг бу дунёни тарк этишимиз – сиёсат: ижтимоий тартиб белгилаган усулда ерга кўмильишимиз керак.

Баъзи одамлар ўзини сиёсатдан йироқ деб билади. Албатта, улар бунда давлатнинг олиб бораётган сиёсатини назарда тутади. Лекин сиёсатдан йироқ бўлиб бўлмайди. Сиёсат сизнинг ҳар бир нафасингизда бор – токи сизда ақл бор экан, демак сиз сиёсатга бевосита дахлдорсиз.

Хўш, бизга бу қадар кўп сиёсат нега керак? Нега биз бунчалик сиёсийлашган махлуқлармиз?

Чунки биз энг тартибсиз жонзотмиз. Бизнинг ақлимиз аҳамиятсиз нарсаларга ортиқча аҳамият бериб, табиий мувозанатни бузишга ўч. Табиий мувозанат бузилганда эса – тартибсизлик келиб чиқади. Биз ўзимиз ҳаётимизда тартибсизлик келтириб чиқарамиз ва ана шу тартибсизликни назорат қилиш учун сиёсат ўйлаб топамиз.

Лекин ҳар қандай сиёсатнинг бир камчилиги бор: у ҳар доим ҳам кутилгандек иш бермайди. Ижтимоий тартибни бузадиганлар, қоидаларни менсимайдиганлар, ижтимоий адолатни қадрламайдиганлар ҳар доим топилади. Шунда жамиятда (бу жамият кичик оилами, ёки бутун халқми – фарқи йўқ) зиддиятлар келиб чиқади. Бу зиддиятлар бизни кўнгил хотиржамлигидан айиради ва бахтсиз одамларга айлантиради.

Ижтимоий тартиб муҳимликка берилиш сабаб бузилади. Кимдир ўз манфаатини жамият манфаатидан устун қўяди, кимдир ўзига ортиқча баҳо беради, кимдир ўзини адолат ва қонундан юқори ҳисоблайди. Жуда ажойиб ҳолат: муҳимлик бизни нотабиий истакларга эргашиб, тартибсизлик келтириб чиқаришга ундайди. Бу тартибсизликни бартараф қилиш учун қоидалар жорий қилиб, муаммони ҳал қилмоқчи бўлсак – муҳимлик ана шу қоидаларни бузишга ундайди ва янги муаммолар келтириб чиқаради.

Сиз билан мен бу ҳолатга ечим оддийгина сергаклик эканини биламиз. Сергаклик бизни табиий мувозанатни бузишдан асраб қолади. Табиий мувозанат бузилмаса – янги зиддиятлар келтириб чиқарадиган сиёсатга ҳожат йўқ. Ҳеч эътибор берганмисиз: сиёсат ҳақида ўйлаш ёки гапириш жуда ёқимсиз. Сабаби оддий: сиёсат – муҳимлик меваси, у бизнинг ҳаётий қувватимиз ҳисобидан мавжуд. Сиёсатнинг асосий муаммоси – унинг мавжудлиги, унга зарурат борлигида.

Сешанба – Муҳимлик

Буюк халқлар меваси

«Тарқаб кетган тўқсон тўққиз

уруғимсан, Ватаним»

(Севара Назархон қўшиғидан)

Сиз – кучли шахссиз. Балки буни ўзингиз билмассиз ва юзага чиқара олмассиз, лекин сиз – кучли шахссиз. Чунки сизда минглаб йиллар давомида тўпланган куч ва салоҳият бор. Бу кучни сизга барча аждодларингиз қолдирган.

Сизнинг генингизда саклар, юнонлар, форслар, араблар, мўғиллар ва бошқа юзлаб буюк халқларнинг мерослари жамланган. Сиз буюк халқларнинг буюк мевасисиз. Ер юзидаги ҳар бир инсон буюк халқларнинг буюк меваси.

Бугун биз яшаётган ҳудудларда бир пайтлар оқ-сариқдан келган, кулранг кўзли, сариқ сочли саклар яшаган. Доро ва Кир истилоси билан бу ҳудудларга форслар келган ва маҳаллий халқ билан қоришган. Искандар истилоси билан уларга юнонлар келиб қўшилган. Кейинчалик араблар, мўғиллар ва руслар бу жараённи давом эттирган.

Бугунги ўзбек – минглаб йиллар бир-бири билан тинмай қоришиб келган элатлар натижаси. Қора қош ва сочларни форслардан, буғдойранг терини араблардан, қисиқ кўзларни мўғиллардан олганмиз.

Ўз юксак маданияти ва қадриятларига эга маҳаллий халқ ҳар бир янги истилочи халқдан янги нарсаларни ўрганган. Асрлар давомида маданият бойиб, ўзгариб борган. Бугун ҳам кундалик ҳаётимизда ўша қадимги саклардан қолган одатларимиз, форслар ва араблар олиб келган удумлар, руслардан ўрганган тартибларимиз мавжуд.

Энди энг асосий гапни айтаман: миллат деган тушунча – шартли белги. Сиз ҳеч қачон соф ўзбекни топа олмайсиз. Ҳар бир одам қонида юзлаб элатларнинг гени мужассам. Ҳар бир ўзбек ўз ирсий меросида қанчадир фоиз юнон, қанчадир фоиз форс, қанчадир фоиз араб ва мўғил.

Миллат деган нарса шу қадар онгимизга маҳкам ўрнашганки, менинг бу гапларим жуда кўпчиликда норозилик уйғотади. Лекин жаҳлингиз босилиб, озгина сергак туриб ўйласангиз – ростдан ҳам соф миллат деган нарса мавжуд эмаслигини англаб етасиз.

Миллатчилик – жуда ҳам хунук одат. Бу илмсизлик ва ожизлик белгиси. Ўзининг келиб чиқишини аниқ билмайдиган одамгина миллатчи бўлиши мумкин. Бу ўзлигини англай билмаган одамга хос.

Миллий муҳимлик – ўз миллий келиб чиқишига ўта катта аҳамият беришдир. Бундай муҳимлик одамни заифлаштиради – чунки бундай одамга унинг миллатини баҳона қилиб таъсир ўтказиш, унинг иродасини назорат қилиш мумкин.

Бугун кўпчиликда (айниқса, ёшларда) давлат – ўзбекларники деган ишонч мавжуд. Албатта, халқимизнинг асосий қисми ўзбек деган ном остида яшайди. Лекин давлат – бутун халқнинг вакили. Давлат мамлакат ҳудудида яшовчи ҳар бир шахснинг манфаатига хизмат қилади. Ҳар ҳолда, жамият фаровон бўлиши учун шундай бўлиши керак.

Бироқ бу гапларни ҳаётга солиштирсак, амалда кўп нарса бошқача. Давлат номидан иш кўрадиган ҳамма ҳам миллатчиликдан ҳоли эмас. Лекин муаммо алоҳида мансабдор шахс одамларни миллатига қараб ажратганида эмас – муаммо буни кўриб турган бошқалар буни оддий ҳол деб қабул қилишида. Муаммо – миллатчилик табиий ҳол деб кўрилишида.

Мен фақат ўзбеклар миллатчи демоқчи эмасман. Миллатчилик одати биз билан бирга яшаётган руслар, тожиклар, корейслар, қирғизлар, татарлар ва бошқа юзлаб элат вакилларида бор. Аммо биз ўзбеклар – мамлакатда кўпчиликмиз. Демак, бизнинг ўзимизга бўлган ишончимиз баландроқ. Ва биз бошқа миллатларни ажратишга унча қўрқмаймиз – бундан уялмаймиз.

Биз қанча миллатчиликка берилсак, юртимизда яшаётган бошқа миллат вакиллари ўзларини шунча катта хатар остида деб биладилар. Натижада улар ўз ғилофларига ўралиб, ўз миллатларига каттароқ аҳамият бера бошлайдилар. Бу эса уларнинг жамиятдан бегоналашишига – жамиятнинг ичида жиддий бўлиниш пайдо бўлишига олиб келади. Бўлинганни эса бўри ейди.

Бугун руслар юртида меҳнат қилаётган юртдошларимизга қилинаётган муомалани кўриб, миллатчиликдан ҳоли бўлиш жуда қийин. Руслар ҳам ўз юртида кўпчиликни ташкил қилгани учун, уларнинг орасида бошқа миллат вакилларини камситишдай ожизликка борадиганлар кўп топилади. Лекин қайсидир шахслар ожиз бўлганига жавобан биз ҳам ожизликни танласак – бу сергак танлов бўлмайди.

Биз кучли бўлишни танлашимиз керак. Миллат сифатида эмас – халқ сифатида бир бўлишимиз, хилма-хиллигимиздан ўзимизни кучли қилиш учун фойдаланишимиз керак. Юртдошларимизни миллатига қараб эмас – жамият учун келтирган фойдаси, меҳнатига қараб ҳурмат қилишни ўргансак, буюк халқ бўламиз.

Давлат – халқнинг вакили, миллатнинг эмас. Узоқни кўзлаган давлатчилик «мильлат» тушунчаси устига қурилмаслиги керак. Чунки миллат доим ўзгариб туради. Бундай давлат ўз ғилофига ўралишга, дунёда юз бераётган жараёнлардан узилиб қолишга маҳкум. Бундай давлатнинг асосини ташкил қилган «мильлат» тушунчаси глобал олди-бердиларга дош бера олмайди. Миллат устига қурилган давлат ана шу миллатни ўзгаришсиз сақлаб қолишга ва шу билан ўз мавжудлигини таъминлашга интилади. Бу эса халқни тушкунликка олиб келади.

Бугун ўзбек тилини бошқа тиллардан кириб келган сўзлардан «тозалаш»га интилиш ҳолати кузатилмоқда. Бу аҳолининг баъзи қатламларида миллий муҳимлик авж олганидан далолат. Энг ачинарлиси, бундай таклифлар ўқимишли, дунёқараши нисбатан кенг шахслардан чиқмоқда. Сергак ва маънавий бутун одам тилимиз ўнлаб тилларнинг қоришмаси эканини, тил тинимсиз ўзгариб, янгиланиб ва бойиб боришини билади. Бу жараённи ортга қайтаришга интилиш – самарасиз ва зарарли ҳаракат. Бунга сарфланган кучни бошқа – бунёдкорроқ мақсадга йўналтирилса, жамият учун қанча фойдали ишлар қилса бўлади.

Конец ознакомительного фрагмента.

Текст предоставлен ООО «ЛитРес».

Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на ЛитРес.

Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.

Конец ознакомительного фрагмента
Купить и скачать всю книгу
На страницу:
2 из 2