
Полная версия
Ўзлик сари етти қадам – 4. Яхши ва ёмон
Бунёдкор одам бўлиб, бунёдкор ишлар қилиш ҳақида қайғурган афзал. Бунинг учун эса сизга биргина нарса – шахсий куч керак. Тўғри – моддий куч ҳам зарар қилмайди: танангизни чиниқтирсангиз, обрў ва бойлик орттириш учун ҳаракат қилсангиз, билим овига чиқсангиз – бунинг ҳеч бир зарари йўқ. Лекин шахсий куч сизнинг энг муҳим ўлжангиз бўлиши лозим. Моддий куч тўплаш йўлида хотиржам ва бахтли яшаш учун сизга айнан шахсий куч керак бўлади.
Асосийси, моддий куч ортидан қувиш учун, шахсий кучдан воз кечиб, охир оқибат йирик ҳисобда ютқазмаслик. Шахсий ожизлик – бизни «ёмон» одамлар сирасига қўшади. Шахсий ожизлик билан биз буюк ёлғоннинг бир қисми – бузғунчи бир қисмига айланамиз. Шахсий ожизликнинг ёмонлиги ана шунда.
Мазмунли жонзот
Яхши-ёмон ҳақидаги ёлғонга эргашиб, бизда бир зарарли одат авж олади: биз ўз борлигимизга асос қидирамиз. Одамзот ўз мавжудлигини аҳамятсиз, оддий ҳолат деб қабул қила олмаслигига сабаб – мазмунсиз ҳаёт ёмон, мазмунли ҳаёт яхши деб билишидир.
Аммо биз ўз борлигимизга муҳимлик тусини беришга қанча ҳаракат қилмайлик, табиатда бир сир ўзгармас қолади – дунёда ҳеч нарса мазмунга эга эмас. Инсон мазмунли ёки мазмунсиз ҳаёт яшаб ўтмайди – инсон оддий ҳаёт яшаб ўтади.
Умрдан мазмун излаш – муҳимлик белгиси. Жамият ёки шахсий комплекслар таъсирида ақл ҳаётга мазмун беришга уриниши инсоннинг инсонийлик мағрурлигидан келиб чиқади. Биз ўзимизни бошқа жонзотлардан муҳимроқ деб билганимиз учун, бу дунёдаги тутган ўрнимизга ортиқча аҳамят берамиз.
Табиатни ҳолис кузатсангиз, унда мазмунга эга ҳеч нарса топа олмайсиз. Йиртқичнинг ўлжасини тутиб ейишида ҳеч бир чуқур маъно йўқ. Триллионлаб жонзотлар туғилади, яшайди ва бу дунёни тарк этади. Уларнинг бу ҳаётида алоҳида бир аҳамят ёки мазмун йўқ: улар яхши ёки ёмон ҳаёт яшамайди. Улар, шунчаки, яшайди.
Одам ҳам ҳудди шундай: бизнинг борлигимиздан ҳам қандайдир бир яширин илоҳий мақсад ёки мазмун мавжуд эмас. Яшашнинг яшашдан бошқа маъноси йўқ.
Менга мазмунли ҳаётни таърифлаб бера оласизми? Илм чўққиларини эгаллаб, оламшумул кашфиётлар қилиб яшаш мазмунли ҳаётми? Балки, худони танишга интилиб, авлиёнамо ҳаёт тарзини юритиш мазмунлироқдир? Ўзидан моддий ёки маънавий мерос қолдирмаган одам ҳаётини чиндан ҳам мазмунсиз дейиш мумкинми? Бундай одам ёмон ҳаёт яшади дея оламизми?
Одам яхши ёки ёмон яшамайди. Одам кучи етган, ўзи уддалаган усулда яшайди. Одам шахсий кучи имкон берган даражада бахтли яшайди. Бунда кучи кўплар муҳимликка берилмасдан, хотиржам яшашни танлайдилар; бунда ожизлар комплекс ва ёлғонлар таъсирида курашиш ва бир умр ўз ҳаётларини мазмунли қилишга интилишни танлайдилар. Бу танловда ҳам ҳеч бир маъно йўқ – бу, шунчаки, бир танлов.
Бу гапларим сизда норозилик уйғотаётган бўлса – демак, сиз ҳали ҳам муҳимлик таъсиридасиз. Ҳаётингизга сунъий муҳимлик бериб, дунёга шунчаки келмаганингизни таъкидлашга сизни нима мажбур қилаётганини яхшилаб таҳлил қилиб кўринг.
Яхши-ёмон ўйини биз – одамларга ўзимизни бошқа жознотларга таққослашга, бу қиёслашда ўзимизни юқори ҳисоблашга имкон беради. Одамлар ҳайвонларни «ёмон» деб билгани учун, бир-бирини ҳақорат қилиш учун шу ҳайвон номларидан фойдаланди.
Аммо энди сиз бу дунёда устун-қуйи, яхши-ёмон мавжудот йўқлигини билдингиз. Энди сизда инсоний ғурурга берилиш, ўз борлигингизни оламшумул бир ҳодиса эканини айтиб, оламга жар солиш илинжи йўқ.
Агар одамзот шунчалик муҳим мавжудот бўлганда – уни Худо биринчи бўлиб яратмасмиди? Етти иқлимдаги борки тирик жон пайдо бўлгандан кейингина одамзот вужудга келган – бу ҳам бизга камтар бўлишга, ўз борлигимизга ортиқча баҳо бермасликка бир ишорадир, балки?
Одамлар ўзларини алдашни бунчалик яхши кўришларига сабаб нимада экан? Биз нимага ўзимизга ўзимиз, атроф дунё, бутун борлиқ ҳақида тинимсиз ёлғон гаирамиз? Буюк ёлғон таъсирида узоқ муддат яшаб, шундай одат чиқарганмизми, дейман.
Мен ўзим узоқ муддат ўзимни алдаб яшаганман. Шахсиятим, уни ҳаётда тутган ўрни, борлигим мазмуни ҳақида ўйлашни, жиддий саволлар беришни эрта бошлаганман. Балоғат ёшимгача ҳаётимдан мазмун топишга – топа олмасам, уни ўзим ёлғондан яратишга уринганман. Ва бу муҳимлик учун бахтсиз ҳаёт кечирганман.
Бундай тажриба ҳар кимда бор. Мен бу борада ҳаммадан бошқача эмасман – ҳар ким умрининг бошида «ҳаёт мазмуни» қопқонига бир марта тушади ва азобланади. Бу ҳам яхшиликка – биз шу баҳона ўзимизга жиддий саволлар берамиз ва жавоб излаймиз. Аммо, афсуски, жавоб топишга кучимиз ёки аҳдимиз етмаса – ўзимизга ёлғон жавоблар ўйлаб топамиз.
Мана энди «ҳаёт мазмуни» мавзусидаги изланишларингиздан «яхши-ёмон» омилини чиқариб ташланг. Ҳаммаси анча соддалашади ва ойдинлашади. Сиз аслида оддий бўлган гўзал ҳаётга мажбурлаб мазмун пардозини беришга уринганингизни англаб етасиз.
Ҳаётда мазмун йўқ деган таъкидимни кимдир мақсадсиз ҳаётдек тушуниши мумкин. Яшашдан мақсад бор – бу бахтли яшаш. Бизнинг ҳаётимиз мазмунли бўлиши керак эмас – бахтли бўлиши керак. Аслида аҳамяти нольга тенг ҳаётга мазмун бағишлашга интилиш муҳимликдан келиб чиқади ва бизни кўнгил хотиржамлигидан айиради.
Ҳеч эътибор берганмисиз: «мазмунли» ҳаёт тарзини юритганларнинг ҳар доим душмани бўлади. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз? Нега мазмунли ҳаёт яшашдек олий йўлдан бораётганларга қарши чиқувчилар кўп бўлади? Ҳасадгўйлар кўпмикан дунёда шунчалик?
Гап ҳасадда эмас. Гап «мазмунли» ҳаёт эгасининг муҳимлигида. У тўғри яшаш тадбирига қанча катта аҳамят берса, атроф мувозанатни шунча бузаверади. Мувозанат бузилишига эса атрофдагилар, табиийки, қаршилик билан жавоб қайтаради.
Мен юқоридаги таъкидларим билан одам илм излашдан қайтиши керак демоқчимасман. Илм бизнинг шахсий ўсишимизга хизмат қилади. Фақат бунда мазмун топишга уринмаслик керак.
Қайтанга, қанча кўп нарсани билсак, бу дунёда тутган ўрнимизни шунча яхши англаб борамиз. Бу эса бизга атроф дунё билан келишиб яшашга, ҳаётни мазмун учун курашга айлантирмасликка имкон беради.
Атроф-дунёни ўрганинг, ёввойи табиатдаги ҳаётга қизиқинг. Ўз танангиз, онгингиз ва қалбингиздаги жараёнларни тушунишга, уларга тўғри баҳо беришга интилинг. Бу интилишларингизга муҳимликни аралаштирманг – токи у ҳар нарсадан мазмун излаб, ишнинг белига тепмасин.
Динёдаги ҳар қандай жонзот ҳаётини ҳурмат қилинг, табиатни севишни ўрганинг. Табиат – ҳар қанча меҳрга арзийдиган гўзаликка эга. Унинг ақлни шоширадиган мўжизалари жуда кўп. Дунёга «инсонийлик ғурури» деган шоҳсупа устида туриб назар ташлаганлар табиатнинг ҳар қандай гўзаллигидан маҳрумдирлар.
Инсоний манманлик – яхши-ёмон ҳақидаги ёлғондан куч олади. Энди сиз бу ёлғондан – бунинг ёлғон эканидан бохабарсиз. Шундай экан, ғурур ва манманлик шахсиятингизни ожиз қилишига, кўнглингиздаги тинчликка рахна солишига, сизни мазмунли – лекин бахтсиз мавжудотга айлантиришига имкон берманг.
Сешанба – Муҳимлик
Дарахтдаги маймунлар
«Тўқайга ўт кетса,
ҳўлу қуруқ тенг ёнади»
(Ўзбек мақоли)
Анъани бузмаган ҳолда, сизга эртак айтиб бераман.
Улкан ва гўзал чакалакзорда ажойиб зийрак маймунчалар яшар экан. Уларнинг ўрмонида турфа хил дарахтлар ўсар экан. Аввалига маймунчалар ерда яшашга одатланган экан. Улар улкан дарахтларга қўрқув билан қараб, уларга тирмашишга ҳадиксирар эканлар.
Аммо вақт ўтиб, маймунлар ўз қўрқувини енгиб чиқиб, аста-секин дарахтларга тирмаша бошлабди. Улардан баъзилари қўнғир пўстлоқли бир текис ўсган дарахтларга чиқса, бошқалари сариқ пўстлоқли шоҳларини ҳар томонга тарқатиб ўсадиган дарахтларга чиқиб кўрибди. Маймунлар дарахтларда қорин тўйғазсиҳ мумкин бўлган турли-туман меваларни топишибди. Бора-бора маймунлар дарахтларни ўз уйларига айлантириб, ерга деярли тушмайдиган бўлибдилар.
Сариқ дарахтларни макон қилган маймунлар қўнғир дарахтдаги маймунлар билан ҳеч чиқишмас экан. «Бизнинг дарахтлар кенг ва сермева. Уларнинг шоҳлари кўп ва барглари кенг – ҳаммага жой етади. Сизнинг дарахтингизда эса деярли шохлар йўқ – унда яшаш жуда қийин. Сизлар нотўғри дарахтда яшаяпсиз» дейишар экан улар. Бунга қўнғир дарахтларни маскан қилган маймунлар «Тўғри, бизнинг дарахтимиз яшашга ноқулай. Лекин у мустаҳкам ва баланд. Унинг устида биз узоқ-узоқларни кўра оламиз. Устига-устак, бундай баландлик бизни кўп йиртқичлардан омон сақлайди» деб жавоб беришар экан. Бора-бора бу зиддият очиқчасига адоватга айланибди.
Аммо бир кун ўрмонга чақмоқ уриб, ёнғин чиқибди. Бу ёнғинда қўнғир дарахтлар ҳам, сариқ дарахтлар ҳам омон қолмабди. Талвасага тушган маймунлар дарахтларидан тушиб, ўрмондан қочиш билан ўз жонларини сақлаб қолишибди. Ва улар аслида ҳамма дарахт ерда ўсишини, қачонлардир улар ана шу ердан паноҳ топиб яшашганини эслашибди. Улар ўртасидаги бўлиниш ва адоват сунъий экани фош бўлиб, улар яна аҳил-иноқ яшай бошлашибди…
Биз бу дунёга у ҳақида кўп нарсани билмай келамиз. Ҳаёт бизга айнан бу дунёнинг сирларини ўрганиш учун берилади. Кимдир бу дунёга кенгроқ назар ташлаш учун илм-фан дарахтига тирмашса, кимдир бунда ўзига дин дарахтини танлайди.
Бунда нотўғри танлов бўлмайди. Ҳар қандай дарахт инсонни буюк юксакликларга олиб чиқиши мумкин. Илм-фан ҳам, дин ҳам одамни бу дунёни яхшироқ англашига, ўзининг бу дунёда тутган ўрнига одилроқ баҳо беришига ёрдам бера олади. Ҳар қандай дарахтни танлаган одам ҳам адашмайди.
Лекин кўпчиликнинг ўз танловига бўлган муносабати муҳимлик сабаб нотўғри томонга оғиб кетади. Улар ўз танловлари аҳамйтаини ошириб юборишади. Натижада уларда ўзлари танлаган дарахтни бошқа дарахтлардан устун қўйиш истаги алангаланади. Муҳимлик сабаб, улар ҳаётлари бошида ерда юрган маймунча бўлганини унутишади (одамни маймунга тенглаштирганим қайсидир дарахтга чиқиб олиб, ўз ҳақлиги ҳақида оламга жар солаётган одамлар шахсиятига тегиши мумкин – аммо улар ўзларини бу дунёдаги бошқа мавжудотлардан юқори ҳисоблаб, маймунга тенглаштирилишдан ҳазар қилса, бу уларнинг муҳимлигидан дарак).
Биз ўзимиз танлаган дарахтга баъзан шу қадар берилиб кетамизки, бошқа дарахтлар ҳақида унутиб қўйишимиз мумкин. Баъзан динга муккасидан кетиб қолган одам дин дарахти барглари орасидан туриб, ташқи дунёни кўра олмай қолади. Улар бу сўқирликда шу даражага бориб етишадики, илм-фанни тамоман инкор қилишга ўтишади. Айнан илм-фан яратган чироқлар ёруғида диний китобларини ўқишаётгани, илм-фан яратган дармонлар хасталик қийнаганда жонларига оро кириши ёдларидан чиқади.
Илм-фан дарахти вакиллари орасида ҳам ақлнинг устуворлигини таъкидлаб, ўз илмий фаразлари орасида ташқи дунёдан узулиб қолганлари кўп учрайди. Ашаддий фанпарастлар динни тамоман рад этишади. Лекин улар ҳам чорасиз вазиятларда эътиқоддан таскин топишади.
Ҳар қандай дарахтда бошқа дарахт вакилларини қораловчилар ва улардан нафратланувчилар бор. Илм-фан дарахтида эътиқод соф психологик жараён эканини таъкидлаб, кўр-кўрона илоҳий куч мавжудлигига ишонган дин дарахти вакилларини аҳмоқликда айблайдиганлар бор. Дин дарахтида Дарвин таълимоти бўйича ўзини маймун авлоди ва эвалюция натижаси деб биладиган илм-фан тарафдорларини ўзбилармон дахрий деб қоралайдиганлар бор. Бундай ҳолат шахсий муҳимлик сабаб келиб чиқади.
У ёки бу дарахт вакиллари жамиятда кўпроқ қудратга эга бўлиб қолса, дарҳол бошқа дарахт вакилларига босим ўтказа бошлайди. Тарих бунга жуда кўп исбот келтирган. Ўрта аср Европасида илм-фан дарахти вакиллари Ватикан томонидан қувғин қилиниб, ўзлари ва асарлари оловда ёндирилган. Собиқ иттифоқ даврида эса коммунисм қуриш ваъжи билан илф-фан дарахти вакиллари дин дарахтини таг-томири билан йўқ қилишга урунган. Муҳимликка берилган илм-фан ёки дин вакилларига қудрат берилса, одамзот бошига ана шундай офатлар келади.
Илм-фан ва дин дарахтлари ўртасида яна бир дарахт бор. Унинг вакиллари унча кўп эмас – чунки бу дарахт дин ёки илм-фанчалик катта дарахт эмас. Бу дарахт илм-фан ва дин дарахти уруғлари бирлашишидан униб чиққан. Бу – фалсафа дарахти.
Фалсафа ҳам шунчаки бир дарахт – унинг бошқа дарахтлардан ҳеч бир устунлиги йўқ. Уни танлаган ва муҳимликка берилмаган инсонни у ҳам юксакларга олиб чиқади. Муҳимликка берилган одамни эса, у ҳам нафратпараст курашчига айлантиради.
Фалсафа дарахти илм-фан ёки дин дарахтичалик баланд эмас. Унинг вакиллари ерга яқин яшашади. Улар моддий бойлик ва қудрат ортидан қувмайди, бировлар билан беллашмайди. Шунинг учун уларнинг кўпчилиги инсоният тирмашиб олган дарахтлар ҳаммаси бир ерда ўсишини, уларнинг асоси битта – инсон тафаккури эканини яхши билишади.
У ёки бу дарахт вакили бўлиш – тобеликдир. Илм-фан ёки динни ўз ҳаёти мазмунига айлантирган одамлар қанчалик ўз дарахтларига қарам бўлишларини тасдиқловчи мисолларни ҳар ким келтира олади. Энг катта тобелик шундаки, ҳар қандай дарахт одамга дунё ҳақидаги билимларни яхши-ёмон, тўғри-нотўғрига ажратиб ўргатади. Одамда нима бунёдкор кучга эга-ю, нима вайронкор эканини ўзи мустақил ҳал қилиш имкони бўлмайди. У ўз дарахти белгилаб қўйган ҳақиқатлар асосида яшашга мажбур.
Кучли шахс бўлиш – эркинликни талаб қилади. Аммо у ёки бу дарахтга маҳкам ўрнашиб олган одамни эркин деб бўлмайди. Эркин одам истаган пайт ўз дарахтидан тушиб, бошқа дарахтларни ҳам кўра олади. У ҳеч қачон ўз шахсиятини фақат битта дарахтга боғлаб қўймайди. Эркин одам ерда яшашни ҳам билади.
Бир кун келиб, ҳамма улкан дарахтлар қуласа, биз ҳаммамиз бир хил эканимиз, бир-биримизни қоралаш ва айблашга – бир-биримиздан нафратланишга ҳеч қандай асос йўқлиги ошкор бўлади. Ҳаммамиз яна ерда яшашга ўрганамиз. Ҳозир эса танлаган дарахтимиз шохлари орасида ўтириб, унинг мевасини еб, мевадан қолган данакларни қўшни дарахтдаги турдошларимизга отишдан ўзимизни тия олсак – тафаккуримизни ўзаро фарқларни топиб, уларга асосланиб бир-биримизни ёмон кўришга эмас, умумий жиҳатларимизга эътибор бериб, бир-биримизни ҳурмат қилишга қаратсак – бунёдкор иш бўлади. Бу билан инсонлар ҳам, қанча адашмасин, бунёдкорликда бошқа мавжудотлардан кам эмаслигини амалда кўрсатган бўламиз.
Тилтегмас муҳимликлар
Яхши-ёмон ўйинига одам қанчалик муккасидан кетиши унинг ички ва ташқи муҳимлигига боғлиқ. Муҳимлик бизга яхшини ёмондан «тезроқ» ва «яққолроқ» фарқлашни ўргатади. Муҳимликнинг гапига кириб биз кимнидир улуғлаймиз, кимнидир камситамиз.
Илоҳийлаштириш – ҳар замонда катта офат бўлган. Аслида қадри тенг бўлган дунёнинг таркибий қисмларига ҳаддан зиёт ортиқча аҳамят беришдан келиб чиқади бу ҳолат. Ҳар кимда бунга мойиллик бор – чунки ҳар биримизда ақл бор. Ақл ҳиссиётлар жумбушга келганда завқ олади.
Шу ўринда ҳиссиёт (емоция) ва туйғулар ўртасидаги фарқни аниқлаб олсак. Ҳиссиёт – асаб тизимининг иши ташқи ёки ички таъсир натижасида жумбушга келган ҳолат. Бунда танадаги табиий жараёнлар бузилади, турли ҳиссиётда турлича моддалар ишлаб чиқарилади ва асаб толаларини «қитиқлайди». Бунда тана катта қувват сарфлайди – буни кучайган терлаш, титроқ ёки совуқ тер сифатида билиш мумкин. Эмоциялар қисқа муддатли ҳолатдир – чунки тана узоқ муддат бундай ҳолатга чидай олмайди ва бу ҳолатдан ўзини олиб чиқишга интилади. Табиий ҳолатда ҳиссиёт ҳеч қачон юзага келмайди – уни фақат ақл пайдо қилиши мумкин. Агар тана ҳиссиётни ўз вақтида бостира олмаса, иммунитет одамни ҳушсизлантириб, қувват сарфини тўхтатишга мажбур бўлади.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «ЛитРес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на ЛитРес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.