bannerbanner
Ҳумо қўнган шаҳар. Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 ва Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллиги юбилейларига бағишланади
Ҳумо қўнган шаҳар. Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 ва Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллиги юбилейларига бағишланади

Полная версия

Ҳумо қўнган шаҳар. Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 ва Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллиги юбилейларига бағишланади

Настройки чтения
Размер шрифта
Высота строк
Поля

Ҳумо қўнган шаҳар

Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 ва Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллиги юбилейларига бағишланади

Ибадулла Самандарович Байджанов

© Ибадулла Самандарович Байджанов, 2016

© Рустам Ибадуллаевич Самандаров, фотографии, 2016


Редактор Абдулла Сафоев

Корректор Махмуд Ибадуллаевич Самандаров

Корректор Рустам Ибадуллаевич Самандаров

Корректор Меҳрибон Сафоева


ISBN 978-5-4483-5005-4

Создано в интеллектуальной издательской системе Ridero

Байджанов Ибадулла Самандарович


Ҳумо

Улуғлар руҳи мададкор

Сўз боши


Хоразм! Бу биргина калимани тилга олишимиз биланоқ кўз ўнгимизда жаннатмакон ўлка намоён бўлади, қалбларимиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлиб тошади. Ўз бағрида Аль-Хоразмий, Беруний, Паҳлавон Маҳмуд, Шайх Нажмиддин Кубро, Аз-Замахшарий, Огаҳий, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ зотларни камолга етказган ва улар орқали ўзбекнинг шон-шуҳрати, ақл заковати, ирода ва жасоратини жаҳонга танитган бу табаррук тупроқнинг ҳар қаричи кўзга тўтиё, муқаддас. Президентимиз И. А. Каримов Хиванинг 2500 йиллиги юбилейи тантаналарида сўзлаган табрик нутқида «Хоразм муқаддас замин, ўзбек давлатчилигининг тамал тошлари бундан 2700 йил муқаддам айни Хоразм воҳасида қўйилган. Хоразм тарихи ўзбек давлатчилигининг асоси, унинг қудрати ва қадимийлигининг тасдиғидир» деган эди. Юртбошимизнинг ишонч билан айтган бу сўзлари ҳар бир хоразмлик қалбини тўлқинлантириб, ота-боболаримизга муносиб бўлиб яшашга ундайди.

Агар кўҳна Хоразм харитасининг ўтмиши ва бугуни билан танишадиган бўлсак, унинг маркази Урганчда ҳам улуғвор ишлар амалга оширилганлигининг гувоҳи бўламиз. Бир-биридан муҳташам бинолар, йўллар, хиёбонлар, боғлар барпо этилди. Аэропорт, вокзал, кинотеатр, меҳмонхона, мустақиллик шарофати билан қурилган қўшма корхоналар – Урганч кўрки, Хиванинг 2500 йиллиги, Урганчнинг 350 йиллиги муносабати билан воҳа маркази янада гўзаллашди, обод, кўркам, хушманзара масканга айланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра 1999 йилда бирданига икки улуғ сана – Ватан озодлиги йўлида жонини фидо қилган довюрак курашчи, миллий қаҳрамон, жаҳон халқлари тарихида ўчмас из қолдирган Жалолиддин Мангубердининг 800 йиллиги ҳамда халқимизнинг миллий маданияти, маънавияти ва маърифати тараққиётига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, тарихнавис, таржимон, давлат арбоби Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 190 йиллиги тантаналари ҳам айнан Хоразм маркази Урганч шаҳрида кенг нишонланади. Ана шу юзадан чиқарилган қарорлар бўйича бу улуғ анжуманларга қарата тайёргарлик ишлари аллақачон бошланиб кетди. Белгиланган тадбирларга кўра кенг кўламда бунёдкорлик, ободонлаштириш, ташвиқот ишлари олиб борилади. Хоразм, бу муқаддас масканда камолга етган улуғ инсонлар, Урганч ва урганчликлар ҳақида қатор рисолалар чоп этилади. Шулар қатори ушбу китоб ҳам икки улуғ айёмга арзугулик тўёна ҳисобланади. Бу китобда воҳа юраги ҳисобланган Урганч мисолида муқаддас заминимиз Хоразмда туғилиб, камолга етган буюк инсонлар, ота-боболаримизга бўлган муносабат чин дилдан изҳор этилади, Урганчнинг ўтмиши бугуни ҳақида фахр билан ҳикоя қилинади.

Китобнинг иккинчи қисмида эса шаҳар муҳитида уйсозлик, қурилиш жараёнлари, атроф худудни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, иморат ва иншоотларни таъмирлаш, безаш, турли лойиҳалар тайёрлаш ва танлаш, шаҳарларнинг меъморий санъатга оид маданияти каби муҳим масалалар юзасидан қимматли фикр – мулоҳазалар билдирилади, аниқ ва фойдали, қулай таклифлар ўртага ташланади. Бу жиҳатдан ушбу китоб ҳокимликлар, меъморлар, лойиҳачилар шаҳар таъмирланиши ва янги қурилишлар билан боғлиқ ташкилотлар, қурилиш соҳаси мутахассислари тайёрлайдиган ўқув юртлари талабалари учун муҳим услубий қўлланма бўла олади.

Китоб муаллифи ҳақида икки оғиз сўз: Ибадулла Байджанов – асли Урганч шаҳрида туғилган. Хоразмнинг иқтидорли меъмори. Ўз соҳасини чуқур ва яхши билади.

Хоразм тарихида биринчи бўлиб меъморчилик фанлари номзоди унвонига сазовор бўлди. Республикада ўз меҳнати, ижодий изланишлари билан кўзга кўринган талантли мутахассис, истеъдодли олим. Ташкилотчи ва ташаббускор раҳбар. Мен узоқ йиллар қатор қурилиш ташкилотларида раҳбар бўлиб ишлаганлигим сабабли Ибадулла Байджановни қурувчилик, бунёдкорлик ишларига қўшган ҳиссасини яхши биламан. Айниқса 15 йилдан зиёд Урганч шаҳар бош архитектори вазифасида ишлаб, воҳамиз марказини чиройли ва кўркам манзара кашф этишида жонбозлик кўрсатди. Аэропорт, вокзал, марказий универмаг, қатор маданий – маиший бинолар, микрорайонлар бунёд қилинишида И.С.Байджановнинг хизматлари катта. 1988 йилдан буён Урганч қурилиш колледжи директори вазифасида сидқидилдан фаолият кўрсатиб келмоқда. Унинг бевосита ташкилотчилиги ва ташаббуси билан техникум колледжга айланди. «Архитектура», «Халқ хўжалигини ривожлантириш ва иқтисод», «Қурилишни кўкаламзорлаштириш», «Қурилишда тижоратчилик», «Хўжалик ҳуқуқшуноси», «Молия», «Менежмент» каби мутахассисликлар бўйича янги бўлимлар очилди. Янги ўқув биноси қад ростлади. Боғ, хиёбон, гулзорлар яратилди.

Ибадулла Байджанов «Урганч шаҳар архитектураси», «Диплом лойиҳалаш услуби», «Меъморлар маскани» каби қатор рисола, монографиялар, республика вақтли матбуотда босилган 120 дан ошиқ илмий оммабоп мақолалар муаллифи ҳамдир. Унинг ушбу янги китоби икки улуғ анжуманга муносиб тўёна бўлиши билан бирга энг муҳими ўз она юртига, ота-боболаримизга, мустақил диёримизга бўлган меҳр-муҳаббат ифодаси ҳамдир.

Мен урганчликларни, Хоразм аҳлини икки улуғ анжуман —Жалолиддин Мангубердининг 800 ҳамда Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллиги шодиёналари билан чин дилдан қутлайман. Ушбу китоб муаллифи, ташаббускор ва ижодкор раҳбар, Ўзбекистон Олий Мажлисининг депутати И.С.Байджановнинг хайрли ишларида зафарлар тилайман.

Эргаш ЮсуповУрганч шаҳри ҳокими

Соҳилдаги шаҳар

Урганч. Хоразмдек кўхна, жаҳонга маълум ва машҳур, муқаддас масканга шу шаҳардан кириб борилади. Гўё у бу табаррук заминнинг бош дарвозаси. Воҳанинг қайнаб-жўшиб уриб турган юраги. Вилоят маркази. Кундан-кунга чирой очиб жамоли ва камоли кўзларни қувонтириб, қалбларга фахр-ғурур бағишлаётган Урганч мустақил Ўзбекистонимизнинг кенжа навқирон шаҳарларидан бири ҳисобланади. Амударёнинг қуйи оқими чап соҳилида жойлашган. Шаҳар ўртасидан ўтган Шовот канали Урганчни шимолий ва жанубий қисмларга ажратиб турибди. Шаҳарнинг шимолий қисмида асосан турар жой бинолари, илмий маданий —маърифий муассасалар, ташкилотлар, маиший хизмат кўрсатиш корхоналари, жанубий қисмида эса ишлаб чиқариш корхоналари қад ростлаган. Ҳар иккала соҳилни баланд, катта, замонавий кўприклар ҳудди мустахкам занжир ҳалқасидек бир-бири билан боғлаб турибди. Воҳа марказига аэропорт, темир йўл вокзали, автобуслар шоҳбекати орқали Ўзбекистонимизнинг турли вилоятларидан, хорижий мамлакатлардан меҳмонлар келиб Хоразм воҳаси билан, унинг гуллаб яшнаётган шаҳри Урганч билан яқиндан танишмоқдалар.



Урганч кўчаларини кезар экансиз, яқин-яқинларда бу кўчаларнинг қишда лой, ёзда чанг босиб ётганига сира-сира ишонгингиз келмайди. Равон йўллар, кенг кўчалар, кўркам турар жойлар, серфайз боғлар-у гулзорлар, фавворалар шаҳар ҳуснига ҳусн қўшиб турибди. Айниқса тунги Урганч жамоли кўзларни яшнатади, турфа рангдаги сон-саноқсиз чироқлар, шиорлар, рекламалар, тасвирлар… Булар Урганч оқшомини янада файзли, шукуҳли қилиб юборган. Ҳумо қуши қанот қоқиб турган мустақиллик майдони ўзгача ғурур, ифтихор бағишлайди.

Урганч илм-фани санъат ва маданияти, саноати юксалиб бораётган навқирон шаҳарлардан бири. Бугунги кунда бу шаҳри азимда бешта қурилиш трести, олтита дирекция, 24 дан ошиқ қўшма механизациялашган колонна, бешта очиқ турдаги ҳиссадорлик жамияти, 16 дан ошиқ бошқарма ва бўлимлар, 7 та ўқув ишлаб чиқариш комбинати, учта қурилиш таъмирлаш бошқармалари, 9 та қурилиш участка, 7 та корхона, 4 та завод фаолият кўрсатиб, иқтисодий ижтимоий ривожланишга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Кейинги йилларда Республикамиз Президенти ва ҳукуматимиз мустақилликни қўлга киритган диёримиз учун малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Олий ва ўрта махсус таълимнинг моддий техника базасини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия самарадорлигини ошириш ва такомиллаштириш тадбирлари кўрилмоқда.

Урганч шаҳрида 50 га яқин боғча ясли, 28 та мактаб ва 4 та ҳунар техника билим юртлари мавжуд.

Педагогика ва тиббиёт билим юртлари, гидромелиорация ва автомобиль йўллари техникумлари, қурилиш ва банк коллежлари, мусиқа билим юртида кўплаб йигит-қизлар таҳсил олмоқдалар.

Республика Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси минтақавий олий ўқув юртларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорига асосан Урганчда Тошкент халқ хўжалиги ва тиббиёт институтларининг филиаллари иш бошлади. Бу эса воҳа марказида малакали мутахассислар тайёрлаш борасида янги имконият уфқларини белгилаб берди. Ҳозирги кунда ана шу филиаллар базасида даволаш иши, педиатрия иши университетда эса иқтисодиёт факультетлари ташкил қилинди. Кучли билимга, иқтидорга эга мутахассисларнинг бир жойга тўпланиши натижасида информатика ва электрон ҳисоблаш техникаси, инглиз тили, кимё бўйича малакали кадрлар тайёрлашни янада яхшилаш имкониятлари яратилди. Урганч илм-фан тараққий топаётган зиёбахш масканга айланди. 1986 йилда ишга туширилган «Китоблар уйи», 1987 йилда фойдаланишга топширилган Қурбон ота Исмоилов номли вилоят кутубхонаси, 1991 йилда бунёд этилган янги замонавий босмахона биноси ҳам Урганчдаги маърифат сарчашмалари ҳисобланади.




Мутахассислигим меъмор бўлганлиги боис Урганчда амалга оширилаётган бунёдкорлик жабҳаларини эътибор билан кузатаман. Ён дафтарларимда шаҳарда қурилган биноларнинг, турли корхоналарнинг яратилиш тарихига оид қайдлар кўп. Республика вақтли матбуотда Урганчдаги бунёдкорлик жабҳалари ҳақида ҳикоя қилувчи «Кўркам бинолар қурайлик», «Урганч бугун ва эртага», «Шаҳар чирой очмоқда», «Тез ва соз қурайлик», «Шаҳар муҳити муаммолари» номли ва яна ўзбек ва рус тилларида ўнлаб мақолаларим эълон қилинган Ушбу рисолани ёзишдан олдин ана шу мақолалар тукумини бир қатор кўздан кечирдим. Аён бўлдики, уларда айтилган фикрлар, мулоҳазалар, режалар, муаммолар ҳал этилиб, орзу умид қилганимиздек Урганч кўркам, замонавий, чиройли шаҳарга айланмоқда.

Гуллаб-яшнаб бораётган она шаҳримда амалга оширилган ишлар, фидойи инсонлар, хуллас Урганчнинг бугуни ва эртаси ҳақида ҳикоя қилишни ният қилдим

Меъморлар масъулияти

Ҳар қандай шаҳар ёки қишлоқнинг қад ростлаши, гўзал ва кўркам манзара касб этиши энг аввало меъморлар меҳнатига боғлиқ. Меъморлар том маънода гўзаллик яратувчи бунёдкорлар ҳисобланади. Ҳар бир даврнинг ўз меъмори бунёдкорлари бўлган. Замонлар ўтиши билан моддий техник ва бадиий эстетик имкониятлар кенгайгани сайин меъморчилик услублари ҳам такомиллашиб, юқори поғоналарга кўтарила борган. Урганчда ҳам улуғ меъморлар самарали меҳнат қилганлар.

Урганчнинг бугунги жамолида, фойдаланишга топширилган кўплаб иншоотлар, саноат корхоналари, турар жой бинолари, мактаблар болалар муассасалари ҳамда шифохоналар қурилишида фидокорлик кўрсатиб ишлаётган кўп сонли қурувчилар ҳиссаси катта, албатта.

Аммо бунда лойиҳачилар ва архитекторларнинг хизматлари ҳам диққатга сазовор. Хоразм вилояти меъморлари бўлиб ишлаган Чумаев Ф. А., Виталий Прокофьевич Скорочкин, Ринат Мақсудович Аҳмедов. (У «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган архитектор» унвонига сазовор бўлган. 24 йил вилоят бош архитектори вазифасида ишлаган.) ва ҳозирги кунда бу лавозимда фаолият кўрсатаётган Шавкат Хусаиновлар ҳам воҳа марказини миллий услублар асосида кўркам, ихчам ҳолда шаклланишига ҳисса қўшганлар.

Урганч шаҳрида 1964 – 1973 йилларда бош архитектор бўлиб ишлаган Суюн Йўлдашев ҳам изланувчан ва фидоий меъморлардан бири эди. У ишлаган даврда шаҳар бош режаси асосида якка тартибда хўжаликларнинг уй-жой қурилиши учун имкониятлар яратиб берилди. Тошкент лойиҳалаш институти билан биргаликда Урганч марказининг бирлашган маъмурий бинолари ҳисобланган кенгашлар уйи бунёд этилди. Инженерлик коммуникациялари қурила бошланди.

1973 йилдан 1988 йилгача Урганч шаҳар бош меъмори вазифасида ишлаш масъулияти ушбу сатрлар муаллифи зиммасида эди. Ўн беш йил бу лавозимда фаолият кўрсатган даврларни эсласам, воҳа маркази кўркига кўрк бўлиб турган кўплаб муҳташам иншоотларни қад ростлашига қўшган ҳиссамни қалбдан ҳис қилиб, ҳам юртларим хизматига камарбаста бўлганлигим билан фахрланаман. Лойиҳалар тайёрлаш, қурилиш ишларини изчил йўлга қўйиш, сифатини кўздан кечириш учун вақт билан ҳисоблашмай ишлашга тўғри келган. Бунинг устига қурилишларни сифатли лойиҳа смета ҳужжатларини маҳаллий шароитнинг ўзида тайёрлаш учун биронта лойиҳалаш ташкилоти тузилмаган. Дуч келинадиган катта-кичик масалаларни ҳал этиш учун кўп вақт ва маблағ сарфлаб пойтахтга бориб келишга тўғри келар эди.

Шаҳар табиати гўзаллигига туташ турар жой бинолари мажмуасини бунёд этиш учун изчил изланишлар олиб борилди. Урганч уйсозлик комбинатининг имкониятлари кенгайтирилди. Қурилиш конвейерларида биргина 146 – серияли эмас, 76 сериялардаги уй блоклари чиқариш йўлга қўйилди. Шаҳар меъморчилигида йирик панелли ғиштдан уйлар тиклаш ғояси амалга оша бошлади. 2, 3, 4, 6 микрорайонлар барпо этилди. Катта магистрал йўллар, темир йўл устидан ўтадиган учта баланд кўприк қурилди. Инженерлик коммуникациялари қурилиши ривож топиб, марказий водовод ётқизилди.

Конец ознакомительного фрагмента.

Текст предоставлен ООО «ЛитРес».

Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на ЛитРес.

Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.

Конец ознакомительного фрагмента
Купить и скачать всю книгу

Другие книги автора