Полная версия
Вақт таъми
Жаъфар Муҳаммад
Вақт таъми
ЮРАК ЮРТИДАН ВАҚТ САЛТАНАТИГАЧА
Жаъфар Муҳаммадни юракка ўхшатаман – тўхтовсиз ҳаракатда, доимий ўзгаришда бўлиб турган юракка. Унинг тафаккури ҳам, ижоди ҳам, ўзи ҳам… юрак каби доимий ҳаракатда, ўзгаришда, ривожланишда, такомиллашишда. Шу сабабдан бўлса керак, баъзида Жаъфар Муҳаммад Термизий танқидчиларининг кеча берган баҳоси, кеча чиқарган хулосаси бугунга мувофиқ келмай қолади. Жаъфар Муҳаммад ҳамиша ўз адабий танқидчиларидан бир қадам олдинда юради. Унинг ижоди турли йилларда ишқий шеърият, ирфоний шеърият, фалсафий шеърият, ижтимоий шеърият, халқона шеърият… сифатида баҳолаб келинди. Кимдир у деди, кимдир бу… Бироқ ҳеч ким бир тўхтамга келолмади. Чунки, биринчидан, ўз ижодида у ёки бу жанр билан чекланиб қолмасдан, классик ва замонавий адабиётнинг барча жанрлари, жумладан, ғазал, қасида, маснавий, мухаммас, мустазод, қитъа, рубоий, дубайтий, фард каби классик шеърият жанрлари ҳамда бармоқ вазни, эркин шеър ва оқ шеър каби замонавий шеърият турларидан бир хилда фойдаланадиган Жаъфар Муҳаммад шеърларида инсоний ва илоҳий ишқни ҳам, ирфоний ва фалсафий мушоҳадаларни ҳам, халқона оҳангларни ҳам учратиш мумкин. Иккинчидан, юқорида айтиб ўтганимиздек, Жаъфар Муҳаммад доимий ҳаракатда, ўзгаришда… У ойдан ойга, йилдан йилга, тўпламдан тўпламга, шеърдан шеърга… такомиллашиб бораверади. Унинг кейинги шеърлари, кейинги тўпламларида қандай янги шакл ва маъноларни қўллашини башорат қилиш қийин. Бу сафар ҳам шундай бўлди: Жаъфар Муҳаммаднинг янги шеърий тўплами ўқувчиларга янги маъно оламларини тортиқ этди.
Шоирнинг навбатдаги тўплами ҳажман кичикроқ, мўжазроқ бўлса-да, анчагина катта маъно оламини ўзида акс эттирган. Бу тўплам ўзининг муаллифига – чаққон жуссасида улкан тафаккур юкини кўтариб юрган Жаъфар Муҳаммаднинг ўзига ҳам ўхшаб кетади. Умуман олганда, бу Жаъфар Муҳаммад ижодига хос хусусият: кичик ҳажмли шеърларида улкан маъно, кичик ҳажмли тўпламларида улкан дунё… акс этади.
Қўлингиздаги тўплам тўғрисида сўз юритишдан олдин ӯзбек ва форс-тожик тилларида ижод қилувчи зуллисонайн шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Жаъфар Муҳаммад ижоди ҳақида икки оғиз эслатма бериб ўтсак. Шу пайтгача шоирнинг еттита шеърий тўплами – “Ёмғирнинг нигоҳи” (Термиз, 1997), “Қуёш киприклари” (Душанбе, 1999), “Рангнинг яшил чиқиши” (Тошкент, 2003), “Тажаллий” (Тошкент, 2008), “Кўзгу ҳайрати” (Тошкент, 2010), “Ишқ ошиғи” (Тошкент, 2011) ва “Қуёш сийрати” (Тошкент, 2014) ҳамда битта сайланмаси – “Ҳануз ишқ…” (Теҳрон, 2011) дунё юзини кўрган бўлиб, сиз ўқиб турган мажмуа унинг шу ҳисобдаги саккизинчи шеърий тўпламидир. Ушбу тўпламлар мазмуни шуни кўрсатадики, Жаъфар Муҳаммад шеърияти мажозий-рамзий образларга бой бўлган, фалсафий ва ирфоний руҳият билан йўғрилган, шунинг билан биргаликда халқона оҳангларга ҳам ҳамоҳанг бўлган шеъриятдир. Ишқ, инсон, ватан, ҳаёт, гўзаллик, инсонийлик, эзгулик каби мавзулар диққат марказида турган, умид ва некбинлик муҳити ҳоким бўлган ушбу шеърият ўқувчини инсон руҳий кечинмалари оламига етаклаб боради.
Жаъфар Муҳаммаднинг “Вақт таъми” деб номланган янги тўплами, бир томондан, шоир руҳиятида давом этаётган жараёнларнинг мантиқий давоми бўлса, иккинчи томондан, янги тушунчалар, янги поэтик образлар, янги ечимлар, янги кашфиётларга бой. Бармоқ вазни, ғазал ва оқ шеър каби жанрларда ёзилган шеърларни ўз ичига олган ушбу тўпламнинг маъновий структурасида юрак ва вақт тушунчалари алоҳида ажралиб туради. Келинг, аввал шоир талқинидаги юрак тушунчасига эътибор қаратайлик.
Юрак ҳақиқий ва мажозий маънолар туташмаси, инсон вужуди ва моҳиятининг марказидир. Юрак жисм ва руҳдан иборат бўлган одамнинг нафақат танасини, балки унинг руҳиятини ҳам ҳаракатлантирувчи кучдир. Баъзида фақатгина маънавий ва руҳий характерга эга бўлган кўнгилдан фарқли равишда моддий ва жисмоний жиҳатга ҳам эга бўлган юракни кўнгил ва қалб тушунчаларидан қуйироқда кўришимиз, айрим ҳолларда эса унга фақатгина моддий тушунча сифатида қарашимиз тўғри эмас. Зеро, юрак инсон руҳияти тизимидаги қалб ва кўнгил силсиласининг нафақат бошланғич нуқтаси, балки ушбу силсиланинг асос-пойдеворини ҳам ташкил этади. Ўзининг кутилмаган ва ҳайратли поэтик ечимлари билан одамни ҳайратга солиб келган Жаъфар Муҳаммад юракнинг ана шу жиҳатларини маҳорат билан очиб беришга муваффақ бўлган.
Шоир наздида юрак инсонларга саҳарлар ато этиб, ўзи хуфтон бўлувчи, инсонларга ўзлик бағишлаб, ўзини йўқотувчи, яъниким, инсоннинг ўзлигига сингиб кетувчи моҳиятдир:
Нега бунча хуфтонсан, хуфтон,Саҳарларни уйғотган Юрак?Менга ўзлик бахшида этиб,Ўзлигини йўқотган Юрак?(“Юрак балладаси”)Жаъфар Муҳаммад нигоҳида юрак инсон руҳиятини бошқариш, инсонни ўз йўлига бошлаш учун у билан доимо талашиб-тортишувчи сийратдир:
Дунё! Муштдай юрак кўксимда,Муштлашади мен билан доим.(“Дунё”)Шунингдек, юрак нафақат инсон руҳиятининг, балки дунё моҳиятининг ҳам асоси, ўқи бўлиши керак. Акс ҳолда бундай дунёнинг кераги йўқ:
Энди нетай, сенсиз ўзимданБир нафас ҳам кўнглим тўлмаса!Дунёсидан безорман, агар,Унда сендек юрак бўлмаса!(“Юрак балладаси”)Ва ниҳоят, шоир юракка маълум бир юрт, миллат ва динга тегишли бўлмаган умуминсоний қадриятлар тимсоли сифатида қарайди:
Кимсан, Юрак? Қайси юртдансан,Айтгин, кимдир аслу насабинг?Етмиш учта мазҳаб ичиданКайси бири сенинг мазҳабинг?(“Кимсан, Юрак?”)Энди шоир талқинидаги вақт тушунчаси тўғрисида. Вақт олдинлари ҳам Жаъфар Муҳаммаднинг диққат марказида турган мавзулардан, тушунчалардан, ҳодисалардан, моҳиятлардан… бири. Жумладан, у ўз шеърларидан бирида вақтни гоҳ инсонларга ҳаёт дарсини ўргатувчи донишманд орифга, гоҳ инсонга берилган умрни бир пасда поёнига етказиб қўювчи шафқатсиз бўрига менгзаш орқали вақт моҳиятининг турли қирраларини очиб беришга муваффақ бўлган бўлса, қўлингиздаги тўпламда вақтнинг моҳиятий функциялари янада кенгайтирилган кўринишда намоён бўлади.
Жаъфар Муҳаммад талқинидаги вақт баъзида инсон руҳиятига захм (жароҳат) ва ваҳм (хаёл) етказувчи, унинг сўзларига эса таъм бағишловчи ҳодиса сифатида кўзга ташланади:
Ниҳоят, келдинг –ЮзларингдаВақт захми,КўзларингдаВақт ваҳми,СўзларингдаВақт таъми.(“Вақт таъми”)Шунингдек, шоир нигоҳида вақт шаклни мазмунга, моддани моҳиятга айлантириш қудратига эга кучдир:
Мен эсаВақт хумидаэзилиб-эзилибШаробга айланиб кетган узумман…(“Вақт таъми”)Жаъфар Муҳаммад “Вақт анатомияси” шеърида вақт моҳиятининг турли қирраларини бирмунча кенгайтирилган ва тафсиллаштирилган тарзда кўрсатиб беришга уринади. Унинг наздида вақт гоҳида шошилмаслик ва донишмандлик рамзи бўлган тошбақага, гоҳида сукунатни қўққисдан бузувчи қурбақага… ўхшаб кетади:
Вақт –чопиш бўйичачемпион бўлганбир қуён биланпойгага тушганзил-замбил донишманд тошбақа.Вақт –туннинг шап-шаффофойналариничил-чил-чил синдирганқўшиқчи қурбақа.(“Вақт анатомияси”)Жаъфар Муҳаммад ўзининг янги тўпламида ҳозирги ўзбек шеъриятида қўлланила бошлаган “сенсизлик”, “менсизлик”… каби поэтик-фалсафий категориялардан фойдаланишга бирмунча муваффақиятли тарзда уринган. Шоир Усмон Азим, Фахриёр ва бошқалар томонидан ўртага ташланган, ҳозирги шоирлар ижодида тез-тез учраб турадиган ушбу тушунчаларга ўзгача бир ранг беришга ҳаракат қилган.
Сенсизлик Жаъфар Муҳаммад нигоҳида биринчи навбатда ҳижрон сувратидир:
Энди тортар ҳижрон азобинСенсизликда яшаётган шеър.(“Сенсизликда яшаётган шеър”)Шунинг билан биргаликда, сенсизлик фақатгина севгили ёрдангина эмас, балки ўздан ҳам жудоликдир:
Сўнгсизликдан қутқарасанми,Сенсизликдан қутқарасанми?Сенсизликмас, аслида мениМенсизликдан қутқарасанми?(“Майли эди…”)Шоир ўзининг “Биласанми?” шеърида сенсизлик ва менсизликнинг – ундан ва ўзидан жудоликнинг яхлит картинасини чизиб беришга уринади:
СенМенингҳеч қачонтопмаганСенсизлигимсан.МенэсаСенингазалданйўқотганМенсизлигингман.(“Биласанми?”)Жаъфар Муҳаммад ундан ва ўзидан жудолик тасвиринигина эмас, балки уни ва ўзини ўрганиш ва тадқиқ қилиш формулаларини ҳам ўртага ташлайди. Шоирнинг инсон руҳияти тадқиқотлари натижасида таклиф этган янги ечимларидан, амалга оширган янги кашфиётларидан бири “сеншунослик” ва “меншунослик” тушунчаларидир. Тўпламдан жой олган “Меншунослик факультети” номли кичик шеърда ушбу тушунчалар ўртасидаги ўзаро муносабат тасвирланади:
Мен Сеншуносман,касбим – шу,корим – шу!Лекин СенМеншунослик факултетидаўқишни ҳеч қачонистамагансанбўлмағур соҳа деб…Не қилай,Борим – шу!(“Меншунослик факултети”)Жаъфар Муҳаммад ҳамиша орзу, умид ва некбинлик шоири бўлиб келган. У ўзининг “Бир куни…” деб номланган шеъри билан нафақат ўзининг навбатдаги шеърий тўпламига, балки ҳозирга қадар бўлган кечинмаларига ҳам нуқта қўяди, гўё… ва янги тафаккур, мушоҳада, муроқаба… маҳсуллари билан шеърият ихлосмандлари ҳузурига қайтиб келишга сўз беради:
Бир куниЯпроқлар устидаМилтиллаб,Мўлтираб турганШабнамларнинг садосиз азонлари остида,Сув сатҳида оқ муроқабагаКетган нилуфарларнингСукути қаъриданДунёга қайтаданТуғилиб келаман!(“Бир куни…”)“Вақт таъми” тўпламидан бармоқ вазнида ҳамда ғазал, эркин ва оқ шеър жанрларида яратилган шеърларни ўз ичига олган “Юрак юрти”, “Тажаммул”, “Вақт анатомияси” ва “Қўшиқларда янграган оҳанг” номли алоҳида туркумлардан ташқари Жаъфар Муҳаммаднинг форс-тожик классик ва замонавий шеърияти намуналаридан таржималари ҳам жой олган. Бунда ўқувчи шоирнинг ўтмиш шоирларидан Умар Хайём ва Мирзо Масеҳо Бойсуний, ҳозирги замон тожик шоирларидан Лойиқ Шерали, Гулназар, Низом Қосим ва Фарзона Хўжандий, Эрон шоирларидан Суҳроб Сипеҳрий ва Салмон Ҳиротий шеъриятидан намуналарнинг ўзбек тилига таржимаси билан танишиш имкониятига эга бўлади.
Жаъфар Муҳаммаднинг эллик ёшлик тўйи арафасида нашр этилган ушбу тўплам борасида билдирган мулоҳазаларимиз сўнгида шоир ижодига янгидан-янги муваффақиятлар тилаб, ундан янги шеърлар, янги тўпламлар, янги тафаккур дурдоналари кутиб қоламиз.
Шокиржон ОЛИМОВ,шарқшунос ва таржимонЮРАК ЮРТИ
КИМСАН, ЮРАК?
Кимсан, Юрак? Қайси юртдансан,Айтгин, кимдир аслу насабинг?Етмиш учта мазҳаб ичиданКайси бири сенинг мазҳабинг?Кимсан, Юрак? Бу изтироблиДунёда ким бўлиб туғилдинг?Айтгин, Юрак, кайси санамнингҚошларига осон тутилдинг?Кимсан, Юрак? СўнгсизликлардаДаъвоси кўп бедаво шоир?Кимсан Юрак? Ҳатто бирон-бирУюшмага ноаъзо шоир!Кимсан, Юрак? Пайғомларинг не?Қайси элнинг элчисисан Сен?Кимсан, Юрак? Забонинг борми?Қайси тилнинг тилчисисан Сен?Кимсан, Юрак? МуҳаббатингниНега мендан яшириб келдинг?Ичингда зил кетдингу аммоЗоҳирингда ёшариб келдинг.Кимсан, Юрак? Қайси дарахтнингТомиридан илдиз отгансан?Кимсан, Юрак? Минг йилдан буёнКимни, кимни, кимни кутгансан?Тошкент, 2015 йил, сентябрЮРАК ЮРТИ
Фалсафани излаб боргандекФайласуфлар ЮнонистонгаЮрагимга ўхшашин излабБордим мен ҳам Юрагистонга.Кездим, кўрдим Юрак юртидаБисёр экан Юрак дегани.Ҳатто ҳар бир ошхона бундаБўлган экан Юрак маскани.Қайга боқсанг, Юракнинг мавжи:Кўча-кўйда, бозорда Юрак.Осилган ё ёпиштирилганАфишадек деворда Юрак.Отчопарга ўхшаган жойдаЮрак очиқ сотилар экан.Камончилар майдонида ҳамЮракка ўқ отилар экан.Юрак урар экан тўхтовсизКалималар, иборатларда.Юрак яшар экан ҳаттокиЮз қаватли иморатларда.Тентирадим Юрак юртидаМуҳаббатдан дарак топмадим.Бутун бошли ЮрагистонданЮрагимдай Юрак топмадим.Тошкент, 2015 йил 20 сентябрСЕНСИЗЛИКДА ЯШАЁТГАН ШЕЪР
Нигоҳларинг нақадар тиниқ,Хаёлларинг нақадар мовий.Нафас олар нақадар нафис,Қалбингда бир туйғу самовий.Очилади нафасларингдан,Муҳаббатга муштоқ ғунчалар.Наҳот, наҳот инсон дегани,Гўзал бўлар, латиф шунчалар?Сен мен учун яралган эдинг,Сени мендан қизғанди қисмат.Латифалар айтиб аврадиЮрагимни афанди қисмат.Сенинг ипак хаёлларингниЮрагимга тўзарди ғазал.Икки қошинг – байтингдан нусхаОлиб девон тузарди ғазал.Биласанми, мен сени ҳаттоҚизғонганман шеъру ғазалдан.Юрагимдан сени рашк этиб,Келар эдим ўзи азалдан.Энди Юрак билан ҳасратин,Айтар умрин ошаётган шеър.Энди тортар ҳижрон азобинСенсизликда яшаётган шеър.Тошкент, 2015 йил 15 ноябрЮРАК БАЛЛАДАСИ
Нарзулла Жўраев монологи
Нега бунча хуфтонсан, хуфтон,Саҳарларни уйғотган Юрак?Менга ўзлик бахшида этиб,Ўзлигини йўқотган Юрак?Юрак, Юрак, бечора Юрак,Юрак, Юрак, дилпора Юрак…Эслайсанми, болалигимда,Сени ўзим деб билганимни?Қулоғимга шивирлаб айтганСўзни сўзим деб билганимни?Юрак, Юрак, афсона Юрак,Машраб каби девона Юрак…Сен мен билан бирга туғилдинг,Мен сен билан бирга яшадим.Мен сен билан икки асрликУмримни ҳам мана, ошадим.Юрак, Юрак, эҳ, содда Юрак,Соддадан ҳам зиёда Юрак…Эсингдами, унинг учун деб,Мен эмас, сен олма терганинг?Олмазорда энтикиб менгаМуҳаббатдан мужда берганинг?Юрак, Юрак, мастона Юрак,Муҳаббатга парвона Юрак…Сен мени деб яшадинг доим,Мен сени деб яшадим мутлақ.Талашганмиз эгизаклардай,Гоҳи сен ҳақ, гоҳида мен ҳақ.Юрак, Юрак, тўпори Юрак,Гуп-гуп, гуп-гуп! Кўпкори Юрак!Сўнг… бир куни исён айладинг,Жаннатимдан айирдинг мени.Ғуруримни топтадинг ерга,Қанотимни қайирдинг мени.Юрак, Юрак, исёнкор Юрак,Юрак, Юрак, дилозор Юрак…Бундан буён нетай, аҳволим,Сен билан ҳам, сенсиз ҳам ёмон.Бир минг уч юз йил ўтди, аммоБўлолмадим сендек мусулмон.Юрак, Юрак, кечиргин, Юрак,Мени мендан кўчиргин, Юрак!Энди нетай, сенсиз ўзимданБир нафас ҳам кўнглим тўлмаса!Дунёсидан безорман, агар,Унда сендек юрак бўлмаса!Юрак, Юрак, азизам, Юрак,Шеъриятдек нафисам, Юрак!Мен кимман бу Сенсизликларда?Муршидидан айрилган мурид.Мен кимман бу тенгсизликларда?Алломаси ўлган Мотурид…Юрак, Юрак, султоним Юрак,Кўнгилдаги армоним Юрак!Нега дунё бунчалар номард,Нега дунё бунчалар фосиқ?!Нега, нега, нега, эй Юрак,Тўрт томонда фосиқ, мунофиқ?!Юрак, Юрак, серзарда Юрак, Ғам-аламга саркарда Юрак!На инсонсан, на бир фаришта,Миллатинг ҳам билмадим, надир?На мусулмон, на насоросан,Қайси тилда сўзлайсан, гапир?Юрак, Юрак, безабон Юрак,Аммо буюк сухандон Юрак…Эътиқодинг шунчалар кўпми,Сиғмагансан бирон бир динга.Наҳот ҳажминг шунчалар йирик,Сиғмагансан рўйи заминга.Юрак, Юрак, бепоён Юрак,Кайҳонлардан юзчандон Юрак…Нега бунча саховатлисан,Қорни оч-у кўзи тўқ Юрак!Ҳатто менинг олдимда ҳам гоҳБир чақалик қадри йўқ Юрак!Юрак, Юрак, қаландар Юрак,Ҳақ йўлида дарбадар Юрак!Бир оғиз сўз гоҳи сенга кўп, Бир оғиз сўз гоҳи сенга оз.Бунча сирру асроринг бисёр, Эй чексизлик, эй буюк ҳамроз!Юрак, Юрак, доим тоқ Юрак, Ширин сўзга зор, муштоқ Юрак!Юрак, Юрак, Юрак, о, Юрак, Ҳасратлари бир дунё Юрак!Тошкент, 2015 йил 16 ноябрМАНЗИЛ
Нега бунча Манзилим олис?Йўл юраман, ета олмайман.Нетай, нетай, Сенинг бағрингданКетай дейман, кета олмайман?Наҳот, наҳот, шунчалар бўшмиИшонганим, дўстим иродам?Наҳот, наҳот шунчалар ожизҚисмат амри олдида одам?Нега бунча Манзилим олис?Нега ета олишим маҳол?Гар Манзилга ета олмасам,Нега бунда қолишим маҳол?Эҳ, билмадим, қандай одамман,Кетолмайман, қололмайман ҳам.Эҳ, билмадим, қандай шоирман,Бир дилга ўт ёқолмайман ҳам.Нега бунча Манзиилим олис?Не учун ой ўй сурар менда?Нега бунча Манзилим олис?Мен йўлдамас, йўл юрар менда…Нега бунча Манзилим олис?Менсизликдан кўчиб кетганми?Унда ёниб турган чироқларОсмонларга учиб кетганми?Тошкент, 2015 йил 10 декабрҚИШ БАЛЛАДАСИ
Шокиржон Олимов монологи
“ҚИШ” демоқчи бўлсам, тилимда,Нега, билмам, айланади ИШҚ?Номзадини қўйган ҳисларданҚайта-қайта сайланади ИШҚ.“Нега?”, “Нечук?” – деган саволлар,Юрагимга санчар доим тиғ.Саховати йўқми фалакнингЖавобини тутади дариғ?Айланади кулранг бўридайҲам қорни, ҳам кўзи оч дунё.Атрофимда изғиб юрмасдан,Кўзларимдан нари қоч, дунё!Дунё, дунё! Кимсан, нимасан?Нега нопок ишларинг бисёр?Арпангни хом ўрдимми, менгаҚайраётган тишларинг бисёр?Мендан ҳеч ким сўрагани йўқ,Шу дунёга келасанми, деб.Сўрагани йўқ ҳеч ким менданШу дунёни биласанми, деб.ҚИШ дегани унча ёмонмас,ҚИШ дегани унчамас совуқ.Сенинг иссиқ ёз фаслида ҳамҚишларингга келганда ёвуқ.ҚИШНИ “қиш” деб биз атаганмиз,ҚИШ аслида муҳаббат фасли.Унда оппоқ орзулар мўл-кўл,Унинг тўғри шакли “ИШҚ” асли!Дунё, дунё, чарчади Юрак,Қишдан баттар ёз, кузларингдан.Кошкий эди, алдовларингниЎқий олсам қош, кўзларингдан.Дунё, дунё, намунча турфаЮзингдаги ниқобларинг кўп?Тақдир, фалак, ҳаёт ҳам сенсан,Нега бунча итобларинг кўп?Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «Литрес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на Литрес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.